Бугун Саудия Арабистонида ҳаж сафари бошланади
Зиёрат коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатъий чекловлар билан амалга ошади.

Кетма-кет икки йилдан бери пандемия туфайли ҳаж зиёратида бошқа давлат фуқаролари иштирок эта олмаяпти.
Ҳаж ва умра бўйича вазирлик фармонига кўра, тадбирларда қиролликнинг 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган ва мамлакатда маъқулланган вакцинани қабул қилган 60 минг фуқароси қатнашади.
Бу йил зиёратчилар сони ўтган йилгидан кўпроқ. Ўтган йили 10 минг киши ҳаж зиёратини амалга оширган эди. Пандемиядан олдин бутун дунёдан миллионлаб мусулмонлар зиёратга келар эди.
Қироллик ҳукумати коронавирусга қарши янги чоралар туфайли 2020 йилгидек зарарланишнинг янги ўчоғи ҳосил бўлмаслигига умид қилмоқда.
Одатий санитар қоидалардан ташқари бу йил зиёратчиларга меҳмонхонага бориш, автобуслардан фойдаланиш, овқат буюртириш ва диний маросим объектларига кириши учун смарт-карталар тарқатилди.
Бундан ташқари, Масжидул Ҳарамга кираверишда ўрнатилган роботлар уларга замзам сувлари солинган идишларни тарқатади.
Асосий чеклов Каъбани тавоф қилиш билан боғлиқ бўлади: ўтган йилгидек, зиёратчиларга тошга тегиш таъқиқлаб қўйилди.
Саудия Арабистонида заёратчилар учун 2,5 мингта автобус ажратилди ва уларга шахсий автомобилдан фойдаланиш таъқиқлаб қўйилди. Хабар қилинишича, чоршанба кунидан бошлаб заёратчилар махсус меҳмонхоналарга жойлаштирилган.







