Кучли учликка кирганлар ҳақида нималарни биламиз
19 август куни Европа футбол ассоциациялари иттифоқи Европа чемпионлар лигаси 2020/2021 йилги мавсумининг энг яхши ўйинчиси мукофотига номзодлар рўйхатини эълон қилди. Унда «Манчестер City» аъзоси Кевин Де Брюйне ҳамда «Челси» клубининг икки нафар аъзоси Жоржино ва НʼГоло Канте кучли учликдан жой олди. Бу футболчилар ҳақида биз нималарни биламиз?


Кевин Де Бруйне
Бельгия футбол терма жамоаси ўйинчиси Де Бруйне бугунги кунда дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири саналади. Футболчи ўтган йилги мавсумда «шаҳарлик»лар билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. У мавсум давомида жамоаси эришган ғалабаларга муносиб ҳисса қўшди. Бельгиялик футболчи ўтган мавсумда Англия чемпионлиги билан бир қаторда Европа чемпионлар лигаси финалига қадар етиб борди. Бельгия термаси шу йил Европа чемпионатининг ярим финалига чиқди. Кевин Де Бруйне бугунги кунда майдонни кўра олиш қобилияти ва тезкор қарор қабул қила олиши билан кўплаб футбол ишқибозлари меҳрини қозонган. У таъбир жоиз бўлса, «Манчестер Сити»нинг юрагига айланиб улгурди. Футболчи ўтган мавсум Англия чемпионатида 6 та гол урди, 12 та голга ҳаммуаллифлик қилди. Бундан ташқари жамоасининг чемпионлар лигаси финалигача етиб боришида муносиб ҳисса қўшди.
Жоржино
2021/2022 йилги мавсум ушбу футболчи учун жуда омадли келди. Жоржино ҳам терма жамоа, ҳам клуб сафида бир хил муваффақиятга эришди. «Челси»га германиялик Томас Тухел бош мураббий бўлганидан сўнг жамоа ислоҳ қилинди. Буни янги мавсум олдидан клуб таркибида бўлаётган ўзгаришлардан ҳам билиш мумкин. Ўтган мавсум Европа чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритган «Челси» жамоаси сафида Жоржино ҳам бор эди. У нафақат Лондон клубининг чемпион бўлишида, балки Италия терма жамоаси Европа чемпионлигини қўлга киритишида ҳам муносиб ҳисса қўшди. Футболчи ўтган мавсум «Челси» таркибида 7 та гол урди, битта голли ўзатма муаллифи бўлди.
Н'Гола Канте
Футболда инсоний хислатлари билан мухлислар меҳрини қозонган Канте ҳам ўтган мавсум «Челси» сафида чемпионликни қўлга киритди. Финал баҳсида энг яхши футболчилардан бири сифатида тан олинди. У «Челси»да майдон бўйлаб энг кўп югурадиган футболчи ҳисобланади. Канте клуб сафида ҳужум ва ҳимояни боғлаш вазифасини бажаради. Тухел бу йилги мавсумда ҳам футболчидан яхши натижаларни кутмоқда.
Бу учала футболчи ҳам терма жамоаси, ҳам ўз клубининг асосий ўйинчиларидан ҳисобланишади. Улар бу йилги мавсумда ҳам яхши натижага эришди. Бу уч футболчидан қайси бири энг яхши бўлишлигини 26 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Европа чемпионлар лигасига қуръа ташлаш маросимида аниқланади.
Жамшидбек Амиров







