Жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз кумуш медалга сазовор бўлди
Россиянинг Уфа шаҳри эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда.

Бугун ушбу мусобақа якунига етади. Мусобақада Ватанимиз шарафини -55 кг вазн тоифасида ҳимоя қилган юнон-рум курашчимиз Алимардон Абдуллаев финалга қадар мағлубиятсиз етиб борди. У нимчорак финалда қирғизистонлик Акйикат Кулжигитни 5-1, чорак финалда руминиялик Денис Флоринни 8-0, ярим финалда эса тожикистонлик Асламжон Азизовни 8-3 ҳисобида мағлуб этди.
Олтин медаль учун эронлик Амирризо Деҳбозорги билан кечган баҳсда Алимардон 1-3 ҳисобида имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль билан тақдирланди.
-87 кг вазн тоифасида Жаҳон чемпионатининг бронза медали учун кечган ўтиш баҳсларида яна бир курашчимиз Шаҳриёр Жўрабоев аввалига хорватиялик Кристиан Лукачдан устун келди. Бироқ, бронза медали учун кечган беллашувда туркиялик Тансел Ортучуга 3-5 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақани 5-ўринда якунлади.
Аввалроқ курашчимиз Алимардон Абдуллаевнинг жаҳон чемпионати финалида иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.







