Сиёсат

Россия ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган меморандум муҳожирликдаги болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилади

Маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари қармоғида қолдирилган яқин қариндошлари ёки ота-онаси масъулиятсизлиги туфайли  зўравонликка учраши ҳоллари кўп кузатилмоқда.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган меморандум муҳожирликдаги болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилади

    Бугун дунёнинг деярли барча  бурчагида сиёсий танглик, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик ҳамда пандемияга қарши кураш давом этаётган бир вазиятда меҳнат муҳожирлари фарзандларининг тақдири, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофазa қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.

    Шу боис жорий йил 4 августда Меҳнат муҳожирлари фарзандларининг муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида Россия ва Ўзбекистон ўртасида болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

    Унда болалар ҳаёти ва фаолиятининг барча жиҳати – таълим, тарбия, васийлик ва ҳомийлик, миграция, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилган.

    Ҳужжат Россиядаги ўзбек ва Ўзбекистондаги Россия фуқаролари оилалари болаларига нисбатан қўлланилади.

    Zamon.uz сайти мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил(омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Aлия Тургунова билан муҳожир болалар ҳимояси мавзусида суҳбатлашди.

    — Меморандумнинг имзоланиши сабаблари хусусида кенгроқ тўхталсангиз?

    —Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти кўп йиллардан бери чет мамлакатлардан Ўзбекистон фуқароларидан туғилган, лекин кейинчалик турли сабаблар билан ташлаб кетилган болаларни Ўзбекистонга қайтариш жараёнларини амалга ошириб келяпти. Масалан, бунга “Меҳр” операциясини мисол қилиб келтириш мумкин. Болалар юртига қайтарилгач меҳрибонлик уйларига жойлаштирилади ёки яқин қариндошлари қидирилади.

    Бизга, одатда, бу борада жуда кўп мурожаат келиб тушади. Масалан, Россияда ишлаш давомида фарзандли бўлган ва фарзандига туғилганлик тўғрисида ҳужжат ололмаган, Россия фуқароси билан турмуш қуриб, фарзандли бўлган, лекин фарзандига эгалик ҳуқуқи бўлмаган, никоҳсиз фарзандини ташлаб кетган ва Ўзбекистонга қайтгач кўп йиллардан кейин фарзандини қайтариб олиш истагида бўлган кишилар шулар жумласидандир. Булар орасида қонунга зид равишда фарзандини олиб кетиб, судма-суд югураётганлар, касал боласини даволатиш илинжида эшикма-эшик чопаётганларнинг ҳам мурожаатлари  бор.

 

    Бундай муаммоларнинг аксарияти бевосита муҳожирлар билан боғлиқ. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳужжат расмийлаштириш билан бoғлиқ мурожаатлар ҳам учрайди.

    Шу ишни қилган ота-она кейинчалик ўзи билан ўзи бўлиб кетади, лекин ўртада бир бегуноҳ боланинг умри хазон бўлади, бутун ҳаёти барбод бўлади. Буларнинг барчаси ота-оналарнинг масъулиятсизлиги, ҳаётга енгил-елпи қараши  оқибатида юзага келмоқда. Бундай воқеалар кейинги пайтда нисбатан кўпаяётганлиги боис Россия болалар Омбудсмани билан ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйдик.

    —Муҳожирларга  қандай талаблар қўйиляпти?

    —Муҳожирлардан талаб қилинадиган ягона нарса, улар қаерда бўлишидан қатъий назар, ўша давлат тартиб-қоидаларига бўйсуниши ва  риоя қилиши зарур. Шунда ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, агар барча ҳужжатлар ўз вақтида қонуний расмийлаштирилса, бундай оворагарчилик ва бош оғриқларга ҳеч қандай ҳожат қолмайди. 

    Ёрдам олиш масаласида эса шахсдан фақат фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ва мурожаат  талаб қилинади халос.

    —Меморандум қоидалари асосан неча ёшлик болаларга нисбатан қўлланилади ва улар қаерга мурожаат қилишлари зарур бўлади?

    — Унда барча вояга етмаган барча болаларнинг “Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенсия”да кўрсатилган ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинади. Фуқаролар бу борада Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилишлари мумкин. Улардан ортиқча ҳужжат ёки пул талаб қилинмайди.

    —Mеморандум қачондан бошлаб кучга киради ва унинг ижросини ким назорат қилади?

    —Ҳужжат имзоланган кундан бошлаб амал қилмоқда. Болалар ҳуқуқлари бузилишининг ҳар қандай ҳолатини кўриб чиқишга ваколатли болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Россия-Ўзбекистон ишчи гуруҳи таъсис этилади. Ишчи гуруҳ консультатив-маслаҳат органи ҳисобланиб, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича низо ва вазиятларни ҳал қилишга кўмаклашиш ҳамда маслаҳат ёрдами кўрсатиш мақсадида яшаш жойидан қатъий назар аризаларни ўрганиб чиқади.

     Фурсатдан фойдаланиб ишлаш ёки яшаш мақсадида юрган фуқароларимиздан уларнинг ўз фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмасликларини, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун талабларига риоя қилишларини, ота-оналик бурчи ва масъулиятини ҳис қилишларини сўраймиз.

custom img

Нарендра Моди 28 август куни Ўзбекистонга келади

Ташрифдан сўнг Ҳиндистон бош вазири ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Қирғизистонга боради.

custom img

Каспий тугуни: Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ягона логистика тизими қандай шаклланмоқда

Боку порти Марказий Осиёдан Европага юк ташишда муҳим транзит марказига айланиши кутилмоқда.

custom img

Татаристон раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистон президентларига ҳамдардлик билдирди

Нижнекамскдаги дрон ҳужуми оқибатида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам ҳалок бўлган эди.

custom img

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги билан табриклади ва уни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

custom img

Нарендра Модининг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда

Бахтиёр Саидов Нарендра Модининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида Ҳиндистондаги ҳукумат вакиллари билан музокара ўтказиш учун Нью-Деҳлига борди.

custom img

Иссиқкўлда Марказий Осиёда илк бор F1H2O жаҳон чемпионати босқичи бошланди

Очилиш маросимида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари иштирок этди.

custom img

Марказий Осиё ва Озарбайжон ягона тараққиёт маконини шакллантириши зарур — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Президент Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг минтақавий ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболларини белгилаб берди

custom img

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари “Альтин балалик” реабилитация марказига ташриф буюрди

Ташриф якунида Қирғиз Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёевага анъанавий қирғиз миллий мусиқа асбоби — чангқўбизни совға қилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"