Шавкат Мирзиёев Хитой делегациясини қабул қилди
Томонлар ўртасида инфратузилма, инвестиция ва “яшил” саноат йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

25 сентябрь куни Ўзбекистон раҳбари Хитой Халқаро маданий коммуникация маркази раиси Лонг Юйсян ва Гонконгнинг “JDB Group” компанияси асосчиси Чан Хунтони қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой Халқаро маданий коммуникация марказининг мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси қайд этилди. Инфратузилмани ривожлантириш, инвестициялар ва «яшил» саноат йўналишларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилгани таъкидланди.
Шунингдек, “JDB Group”нинг Ўзбекистондаги фаолиятининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Улар қаторидан замонавий шаҳар, транспорт ва саноат инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда геология соҳаси ўрин олган.
Учрашув якунида компания иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларни жадаллаштириш ва янги лойиҳаларни тезроқ ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишувга эришилди.








