Халқаро ишонч: Ўзбекистон БМТ конгрессига мезбонлик қилади
Саида Мирзиёева Абу-Дабида ўтказилган Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгрессида иштирок этди.

Саида Мирзиёева Абу-Дабида Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгрессида иштирок этди. Нуфузли халқаро анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан 5 мингга яқин вакил қатнашмоқда.
Конгрессда трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг мазкур тузилма билан фаол ҳамкорлик қилаётгани ва қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Конгресс Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этди. Унда барча иштирокчи давлатлар навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Мазкур қарор конгресснинг якуний декларациясида ҳам ўз аксини топди.
Саида Мирзиёева ушбу қарорни Ўзбекистонга нисбатан халқаро миқёсдаги юксак ишонч рамзи сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, бу мамлакатнинг очиқлиги, мулоқотга тайёрлиги ва умумий мақсадлар йўлида халқаро ҳамкорликни кучайтиришга интилаётганига билдирилган ишончдир.
Эндиликда Ўзбекистонда конгрессга тайёргарлик кўриш учун беш йиллик давр бошланади. 2031 йилда мамлакат дунёнинг турли давлатларидан келадиган делегацияларни қабул қилади.








