Қозоғистондаги ҳарбийлар ҳалокати: Мирзиёев Тоқаевга ҳамдардлик йўллади
Ўзбекистон Президенти Каспий денгизидаги машғулотларда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат тилади.

Шавкат Мирзиёев Каспий денгизи ҳудудида ҳарбий машғулотлар вақтида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади.
Давлат раҳбари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик тилади.
Эслатиб ўтамиз, 24 сентябрь куни Қозоғистоннинг Манғистов вилояти соҳилида ўтказилган денгиз машғулотлари вақтида об-ҳаво кескин ёмонлашиб, кучли шамол кузатилган. Натижада 17 нафар ҳарбий хизматчи денгизга олиб чиқиб кетилган.
Қидирув-қутқарув ишлари давомида уч нафар ҳарбий хизматчи қутқарилган, 14 нафари эса ҳалок бўлган.








