Тест синовлари натижаси бўйича апеллация шикоятларини кўриб чиқиш тартиби қандай?
Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати маълумот берди. Қонунчиликка кўра, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апеллация комиссиясига апеллация шикоятини бериш ҳуқуқига эга.


Апеллация шикоятини берган абитуриентларга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади. Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши шарт.
Апеллация шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апеллация комиссиясига тақдим этади.
Апеллация шикояти апеллация комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.
Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апеллация комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апеллация шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Абитуриент мурожаат қилганда унга апеллация шикояти бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма берилади.
Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апеллация шикояти кўриб чиқилмайди.
Апеллация комиссиясининг қарори бўйича маълумот Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига апеллация шикоятларини кўриб чиқиш тўлиқ якунланганидан сўнг, беш иш куни ичида тақдим этилади.
Апеллация комиссиясининг қарори Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ агарда сиз тест натижаларидан норози бўлсангиз беш кун ичида ДТМ га қайта апелляция беришингиз мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.







