Абитуриентларга олтинчи таълим йўналишини танлаш имконияти бу йилдан жорий этиладими?
56,7 баллдан кам балл тўплаган абитуриентлар сони ҳам маълум қилинди.

2026/2027-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида 56,7 баллдан кам натижа қайд этган абитуриентлар сони 233 935 нафарни ташкил этди. Бу жами абитуриентларнинг 37,54 фоизига тенг.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилишича, мазкур кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан камайган. Хусусан, ўтган йили 56,7 баллдан кам балл тўплаган абитуриентлар улуши 41 фоизни, ундан аввалги йилда 43 фоизни, ундан олдинги йилда эса 46 фоизни ташкил этган.
Масъулларга кўра, бу кўрсаткич абитуриентларнинг ўртача кириш баллари ҳамда билим даражаси йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрсатади.
Шунингдек, абитуриентларга олтинчи таълим йўналишини танлаш имконияти ҳам берилиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, вакант ўринлар мавжуд бўлган ҳамда абитуриентнинг фанлар мажмуасига мос келадиган таълим йўналишларидан яна бирини танлаш имконияти очилади.
Ушбу имкониятни жорий этиш келгуси ҳафтага режалаштирилган.








