Гвардиола жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда ўтказиш бўйича ўз фикрини билдирди
Ўтган ҳафта FIFAнинг глобал футболни ривожлантириш бўйича раҳбари Арсен Венгер жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда бир марта ўтказиш таклифини илгари сурган эди. «Manchester Citi» бош мураббийи Пеп Гвардиола Венгернинг ушбу ташаббуси ҳақида ўз фикрини билдирди.


“Муҳокама учун ҳар гал янги таклиф ва ташаббуслар илгари сурилса хурсанд бўламан. Табиийки, ҳар бир клуб ва чемпионат ўз позицияси ва манфаатларини ҳимоя қилади. Айниқса жаҳон футболига тааллуқли таклифлар кенг муҳокамага сабаб бўлади.
Жаҳон чемпионати ҳам қизиқарли, ҳам аудиторияси кенг. Уни томоша қилишни яхши кўраман. Жаҳон чемпионати агар ҳар 2 йилда ўтказилса, менимча жуда ажойиб бўлади.
Мен айни шу жиҳатдан Арсен Венгерни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Жаҳон футболида ажойиб ютуқларга эришган инсоннинг бундай таклиф ва ташаббус билан чиққанидан хурсандман », —деди Пеп Гвардиола.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Real Madrid” клубининг собиқ дарвозабони Икер Касильяснинг Дубай шаҳрида дарвозабонлар тайёрлаш маркази очаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Жамшидбек Амиров







