Кучли бешлик: навбатдаги тур ўйинларида қандай натижалар қайд этилди?
Бугундан Европанинг кучли бешлик чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Биз олдинги таҳлилларимизни давом эттирган ҳолда ортда қолган ўйинлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Премьер-лига
Англия премьер лигасида жозибали ўйинлар давом этмоқда. 28-29 август кунлари премеронинг учинчи тур ўйинлари ўтказилди. Ушбу тур баҳслари ўзининг ажойиб ўйинлари билан ажралиб турди. Чунки мусобақанинг бу босқичида тўртта гранд жамоа бир-бири билан тўқнаш келди. Хусусан, турни «Манчестер Cити» – «Арсенал» клублари ўртасидаги баҳс очиб берди. Мавсум бошланганидан буён фақат мағлубият аламини тортаётган лондонликлар бу сафар ҳам мухлисларини хафа қилди. Баҳсда «шаҳарликлар» рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этди ва уч очкога эга бўлди. Ушбу турдан ўрин олган яна бир қизиқарли ўйин «Ливерпул» – «Челси» баҳсида эса жамоалар дуранг натижани қайд этди. Чемпионат бошидан рақиблари устидан ғалаба қозониб келаётган икки клуб ҳам бу турда очко йўқотди ва турнир жадвалидан бироз пастлашга мажбур бўлди.
Шу турнинг қизиқарли ўйинлари «Вест Ҳем» – «Кристал Пелас», «Нюкасл» – «Саутгемптон» клублари ўртасида бўлиб ўтди. Муросасиз кечган беллашувларда жамоалар 2:2 ҳисобидаги натижага эришди. Таркиб борасида бир қатор ўзгаришларни амалга оширган «Манчестер Юнайтед» меҳмонда «Вулверхемптон» клубини кичик ҳисобда мағлуб этди. Яқинда «қизил иблислар» сафига келиб қўшилган Криштиану Роналдунинг дебют ўйини «Нюкасл» жамоасига қарши баҳсда амалга ошиши кутилмоқда. Мусобақа аввалидан мағлубиятсиз келаётган «Тоттенхем» бу гал «Уотфорд» клубидан уч очко тортиб олишга муваффақ бўлди. «Норвич» клуби Лондоннинг «Арсенал» клуби каби навбатдаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Жамоа бу сафар ўз уйида «Листер»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. «Лидс» эса иккинчи турдаги дурангдан кейин яна бир шундай натижа билан қаноатланди. Жамоа ўз уйида «Бернли» билан 1:1 ҳисобидаги натижага рози бўлди. Яна бир шундай ҳисоб «Астон Вилла» – «Брентфорд» учрашувида қайд этилди. Шунингдек, ушбу турда «Эвертон» сафарда «Брайтон»ни икки тўп ҳисобида мағлуб этди.
Англия чемпионати учинчи туридан кейин мағлубиятсиз серияни давом эттираётаган «Тоттенхем» биринчи ўринни эгаллаб турибди. Кейинги поғоналарни «Вест Ҳем» ва «Манчестер Юнайтед» жамоалари банд этган. Жадвалнинг сўнгги ўринларида ҳали бирон марта ҳам ғалаба қозона олмаган «Арсенал», «Норвич», «Вулверхемптон» клублари бормоқда. Тўпурурлар руйхатини тўртда гол билан “Вест Ҳем” ҳужумчиси Антонио бошқариб турибди. Англия чемпионати тўртинчи тур ўйинлари 11-12-13 сентябрь кунлари ўтказилади.
Ла Лига
Клублар таркибида бир қатор ўзгариш ва янгиланишларни бошидан ўтказаётган Испания Ла лигасида ҳам 27-28-29 август кунлари навбатдаги тур ўйинлари ўтказилди. Тур ўйинлари ҳақида тўхталишдан аввал трансферлар ойнасининг сўнгги дақиқаларида Антуан Гризманнинг «Атлетико» клубига қайтиб ўтганини айтиб ўтиш лозим. Мадридликлар томонтдан «Барселона» шарафини ҳимоя қилган франциялик ҳужумчи 10 миллион евро эвазига бир йилга ижарага олинди. «Барселона» раҳбарияти бу трансфер орқали клубнинг молиявий ҳолатини тиклаб олишни режалаштиргани маълум бўлди. Хўш, Испания клублари ушбу турда қандай натижаларни қайд этди?Турни «Малорка» – «Эспанёл» ўйини очиб берди. Унда «Малорка» клуби ўзнинг стадионида кичик ҳисобда «Эспанёл»дан устун келди. Олдинги турга қараганда учинчи тур ўйинлари сермаҳсул ўтди, деб бемалол айта оламиз. Сабаби учрашувларда бир қатор йирик ҳисоблар қайд этилди. Бунга «Валенция» – «Алавес», «Раё Валекано» – «Гранада» тўқнашувлари мисол бўла олади. Биринчи баҳсда «Валенция» «Алавес»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, «Раё Валекано» 4:0 ҳисобида «Гранада»дан устун келди. Мусобақа фаворитлари «Реал Мадрид» ва «Барселона» рақиблари устидан кичик ҳисобда ғалабага эришди. Мадриднинг яна бир жамоаси «Атлетико» эса уйида «Виляреал» билан дурангга имзо чекди. Турнинг энг қизиқарли ўтган ўйинларидан бири «Кадис» – «Осасуна» ўртасида бўлди. Натижада «Осасуна» 2:3 ҳисобда ғалабага эришди ва уч очко жамғарди. Ушбу турда «Реал Соседат» иккинчи бор ғалаба қозонди. Евро кубоглар учун курашда илдам қадам ташлаб кетаётган «Атлетик Б» клуби навбатдаги уч очкони қўлга киритди. Шунингдек, иккинчи турдан кейин турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турган «Севиля» кутилмаганда «Элче» билан дуранг қайд этди.
Испания чемпионати учинчи туридан кейин «Реал Мадрид» биринчи ўринга кўтарилиб олди. Ундан кейин «Севиля», «Валенция» жамоалари келмоқда. Жадвалнинг сўнгги поғоналарини «Алавес», «Хетафе» ва «Селта» эгаллаб турибди. Тўпурарлар пойгасида «Валенция» ҳужумчиси Солер пешқадамлик қилмоқда. Испания чемпионати тўртинчи тур ўйинлари 11-12-13 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
А cерия
27-28-29 август кунлари Апеннин яриморолида ҳам навбатдаги тур ўйинлари ўтказилди. Ушбу тур учрашувларида жами 30 та гол урилди. Энг йирик ҳисоб «Лацио» – «Специя» қарама-қаршилигида кузатилди. Бу баҳсда «Лацио» рақибини аяб ўтирмади. Натижада 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа римликлар турнир пешқадамига айланди.
Турнинг дастлабки ўйинида эса «Удинезе» «Венеция» ни 3:0 ҳисобда мағлуб этди. Венецияликлар иккинчи мағлубиятни қабул қилиб олди. Иккинчи турнинг яна йирик ҳисоблари «Салертина» – “Рома ўртасидаги баҳсда қайд этилди. Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов тўп сураётган «Рома» клуби иккинчи турда ҳам ишончли ғалабага эришди. Унда Шомуродов жамоаси сафарда 4:0 ҳисобиа рақибидан устун келди. Элдор мазкур баҳсда иккинчи бўлимда заҳирадан майдонга қўшилди. Милан шаҳри жамоалари — «Интер» ва «Милан» клублари рақибларини ишончли ҳисобда енгди. «Интер» «Верона»ни 3:1 ҳисобда мағлуб этган бўлса, «Милан» «Каляри»ни учта тўпга ортда қолдирди. Бир неча йилдан буён чемпионатда пешқадам бўлиб келган Туриннинг «Ювентус» клуби Криштинау Роналду Англияга кетганидан кейинги биринчи ўйиндаёқ мағлубият аламини тортиб кўрди. Жамоа ўз уйида «Эмполи»га кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Шомуродовнинг собиқ жамоаси «Женоа» эса «Наполи»га 2:1 ҳисобда мағлуб бўлди. «Женоа» биринчи турда ҳам «Интер»га йирик 4:0 ҳисобида ютқазганди. «Наполи» эса чемпионатдаги иккинчи ўйинида ҳам ғалабани тантана қилди. Ушбу турда «Сассуоло» – «Сампдория» ва «Аталанта» – «Болонья» ўртасидаги баҳсларда ҳисоб очилмади. Шуниндек, «Фиорентина» – «Торино» баҳсида флоренцияликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Италия чемпионати иккинчи туридан кейин «Лацио» биринчи ўринни эгаллаб турибди. 2-3-поғоналарни «Рома» ва «Интер» клублари банд этган. Сўнгги ўриндан «Венеция» жамоаси жой олган. Ундан юқори поғоналарда «Женоа» ва «Салернитина» клублари бормоқда. «Лацио» ҳужумчиси Иммобиле эса тўртда гол билан мусобақа тўпурари бўлиб турибди.
Италия чемпионати учинчи тур ўйинлари 11-12-13 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Бундеслига
27-28-29 август кунлари Германия Бундеслигасида ҳам учинчи тур ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Ушбу тур Италиядаги каби сермаҳсул ўтди деб бемалол айта оламиз. Чунки мазкур баҳсларда рақиблар дарвозасига 30 тадан кўп тўп киритилди. Турни «Боруссия Д» – «Хоффенхайм» ўйини очиб берди. Дортмунд шаҳрида бўлган беллашувда мезбонлар рақибидан қийинчилик билан устун келди. Учрашувда 3:2 ҳисоби қайд этилди. «Штутгарт» – «Фрайбург» баҳсида ҳам ушбу ҳисоб қайд этилди. Бироқ унда «Фрайбург» меҳмонда уч очкони қўлга киритди. Турда энг йирик ҳисоб «Бавария» – «Герта» ўйинида кузатилди. Унда мюнхенликлар рақиб дарвозасига жавобсиз бешта тўп киритди. Ўз олдига доимо Евро кубогларда иштирок этишни мақсад қиладиган «Байер» клуби эса сафарда «Аугсбург»ни 1:4 ҳисобда енгди. «Майнз» – «Гройтер Фюрт» ўйини ҳам йирик ҳисобда якунланди. Унда «Майнз» клуби 3:0 ҳисобда ғалабани тантана қилди. Ушбу турда «Арминия» – «А. Франкфурт» ўртасида ягона дуранг натижа қайд этилди. Мавсумни омадсиз бошлаган «Боруссия М» клуби бу турда ҳам мағлубият аламини тортиб кўришга мажбур бўлди. Бу сафар жамоа «Унион» тўсиғидан ўта олмади. «Волфсбург» эса учинчи ўйинда рақибларидан устун эканлигини исботлай олди. Жамоа бу гал «Лейпсиг»ни кичик ҳисобда енгишга муваффақ бўлди. Шунингдек, мазкур турда «Кёлн» ўз майдонида «Бохум»дан 2:1 ҳисобда устун келди.
Германия Бундеслигаси учинчи туридан кейин тўққиз очко жамғарган «Волфсбург» турнир пешқадами бўлиб турибди. Кейинги ўринларда «Байер» ва «Бавария» клублари бормоқда. Жадвалнинг сўнгги поғонасини «Герта» жамоаси эгаллаб турибди. Шунингдек хавфли зонада «Аугсбург» ва «Гройтер Фюрт» клублари келмоқда. Мусобақа тўпурари эса бешта гол билан «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски бўлиб турибди.
Бундеслиганинг тўртинчи тур ўйинлари 11-12 сентябрь кунлари ўтказилади.
Лига 1
Франция биринчи лигасида тўртинчи тур ўйинлари ўтказилди. Мазкур беллашувлар 27-28-29 август кунлари бўлиб ўтди. Турни «Нант» – «Лион» ўйини очиб берди. Унда «Лион» клуби сафарда уч очкони қўлга киритди. Мазкур беллашувларда энг йирик ҳисоб «Ницца» – «Бордо» ўйинида қайд этилди. Ушбу баҳсда «Ницца» ўз уйида рақиб дарвозасига жавобсиз тўрта тўп киритди. Чемпионат фаворити Парижнинг «ПСЖ» клуби эса «Реймс»ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Худди шу ҳисоб «Анже» – «Ренн» баҳсида ҳам кузатилди. Унда «Анже» клуби навбатдаги уч очкони қўлга киритди. Иккинчи турда мухлислар сабаб ўйини қолдирилган «Марсел» клуби «Сен-Этен» жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу турда иккита дуранг натижа кузатилди. Бу учрашувларнинг иккаласида ҳам бир хил 2:2 ҳисоби қайд этилди. Мазкур баҳслар «Ланс» – «Лорян», «Клермон» – «Метс» ўйинида кузатилди. Европа чемпионлар лигаси иштирокчиси «Монако» ҳам сафарда «Труа»ни 1:2 ҳисобда мағлубиятга учратди. Худди шу ҳисобда «Лилл» жамоаси «Монпеле» устидан зафар қучди. Шунингдек, бу турда «Страсбур» ўз уйида «Брест»ни 3:1 ҳисобда енгишга муваффақ бўлди.
Франция чемпионати тўртинчи туридан кейин «ПСЖ» биринчи ўринда бормоқда. Кейинги поғоналарни «Анже» ва «Клермон» клублари эгаллаб турибди. Турнир жадвалининг сўнггида «Труа», «Бордо», «Брест» жамоалари келмоқда. «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе эса тўртта гол билан тўпурарлар руйхатини бошқариб бормоқда.
Франция чемпионати бешинчи тур ўйинлари 11-12 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Жамшидбек Амиров







