Жозеф Байден онлайн мулоқотда Австралия бош вазири исмини эслай олмади
Аввал хабар қилганимиздек, АҚШ, Буюк Британия ва Австралия ўртасида янги ҳарбий ҳамкорлик йўлга қўйилади.


Ўтган тунда шу масалада бўлиб ўтган онлайн учрашувда кутилмаган ҳолат юз берди. АҚШ Президенти Жозеф Байден Австралия бош вазири Скот Моррисоннинг исмини эслай олмади.
Байден Буюк Британия бош вазири Борис Жонсонга миннатдорчилик билдирган. Сўнгра Моррисон турган экранга қараб, дастлаб уни Австралия бош вазири, деб атаган. Сўнг бир бир неча дақиқиалик сукутдан кейин унга "қарама-қарши тарафдаги йигит", "дўст" ва "жаноб бош вазир" дея мурожаат қилган.
Қайд этиш лозимки, Байден бундан аввал ҳам исмлар ва давлатлар номини эслай олмаган. Хусусан, Ливия ва Сурияни, Ироқ ва Эронни, Барак Обама ва Дональд Трампни адаштириб юборган.
Эслатиб ўтамиз, 16 сентябрь куни АҚШ Буюк Британия ва Австралия билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувга эришди. Унга кўра, уч томонлама киберхавфсизлик, флот ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунингдек, Австралияга атом сувости кемалари берилади. Бунга жавобан Хитойнинг АҚШдаги элчиси Вашингтондан совуқ уруш даврини эслатувчи фикрлардан воз кечишни талаб қилди.
Жаҳонгир Қўзиев







