Панжшер қаршилик кучлари АҚШга таъсир ўтказмоқчи
Аҳмад Масъуд АҚШдан ёрдам олиш мақсадида юқори мавқели лоббист ёллади. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.


Миллий қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуд Вашингтонда катта мавқега эга Роберт Стрик билан шартнома имзолаган. Сиёсатчи шу йўл билан АҚШ қўллаб-қуватлашига эришмоқчи.
Шартнома 15 сентябрь тунда АҚШ адлия вазирлигига келиб тушган. Унда кўрсатилган хизматлар беғараз амалга оширилиши лозим. The New York Times'нинг таъкидлашича, бу толибларга қарши мухолифат кучларнинг умумий манфаатларини ифодалайдиган қадам бўлди. Шунингдек, нашр маълумотларига кўра, аввалроқ америкалик лоббистлар хизматига “Толибон” ҳам мурожаат қилган.
Аҳмад Масъуднинг АҚШдаги вакили Али Майсам Назарий бу қадам “Толибон”нинг қонуний ҳаракат сифатида тан олинишига қарши туришга қаратилганини билдирган. “Афғонистонда ҳеч қайси ҳаракат Аҳмад Масъуд зоти олийлари қўллаб-қувватлови ёки розилигисиз қонуний мақомга эга бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳозирда айнан Масъуд қонунийлик манбаи ҳисобланади”, - деган Назарий.
Лоббизм — сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда норасмий шахсларнинг расмий қарорларга таъсир кўрсатиш усули. АҚШда лоббизм тараққий топган бўлиб, унинг хизматидан нафақат алоҳида шахслар, балки давлатлар ҳам фойдаланади. Лоббизмдан кўзланган асосий мақсад- шахсий манфаатлар учун зарур қарорлар қабул қилдириш ҳисобланади.
Маълумот ўрнида: 15 август куни “Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаган. 31 августда АҚШ Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Ҳаракат томонидан эгалланмаган ягона вилоят Панжшер вилояти эди. Аммо 6 сентябрда ушбу ҳудуд ҳам “Толибон” назоратига ўтди. Шундан кейин толиблар 7 сентябрь куни мамлакатнинг янги ҳукумати тузилганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” Панжшерга гуманитар ёрдам юборгани маълум қилинган эди.
Жаҳонгир Қўзиев







