Кучли бешлик: навбатдаги тур ўйинларидан сўнг қуйидагича “манзара” касб этди
Ўтган ҳафта охирида Европанинг топ-5 чемпионатида навбатдаги ўйинлар бўлиб ўтди. ФИФА кунларидан сўнг ўтказилган мазкур учрашувларда қайд этилган натижалар ва турнир жадвалидаги ҳолатни таҳлил қиламиз.


Премьер-лига
Сентябрь ойи бошида ФИФА кунлари доирасида қисқа муддатли танаффусдан сўнг 11-12 сентябрь кунлари Европанинг кучли беш чемпионатида навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди. Англия Премьер-лигасида 4-тур ўйинлари ўтказилди. Италиянинг «Ювентус» клубидан «Манчестер Юнайтед» сафига келиб қўшилган Криштиану Роналду клуб таркида ўзининг иккинчи дебют ўйинини ўтказди. Ушбу беллашувда «шаҳарликлар» ўз уйида «Нюкасл» клубини қабул қилди. Манчестерликларнинг тўлиқ устунлигида ўтган баҳс 4:1 ҳисобида якунланди. Унда «уйига қайтган» Роналду иккита тўп уришга эришди ва жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Манчестер шаҳрининг яна бир жамоаси «Манчестер Cити» ҳам бу турда ғалаба қозонди. Гвардиола мураббийлигидаги жамоа сафарда «Листер»ни кичик ҳисобда мағлуб этди. Шу тариқа жамоа навбатдаги уч очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Мусобақа пешқадамлари сафида бораётган «Ливерпул» эса мазкур турда «Лидс»ни йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
Ушбу тур кутилмаган натижалари билан мухлислар ёдида қолди. Сабаби чемпионат бошидан бери мағлубиятга учрамай келаётган Лондоннинг «Тоттенхем» жамоаси «Киристал Пелас»га 3:0 ҳисобида ютқазиб қўйди. Мавсум бошидан буён танқид «ёмғири” остида қолаётган «Арсенал» клуби эса ўзининг дастлабки ғалабасини қўлга киритди. Микел Артета бошқарувида жамоа тўртинчи турда «Норвич» устидан 1:0 ҳисобида ғалабага эришди. Шу ғалабадан кейин «Арсенал» мусобақа жадвалида сўнгги ўринлардан юқорилашга муваффақ бўлди. Турнир жадвалида пешқадамлар гуруҳида бораётган «Челси» эса учинчи турда «Ливерпул» билан дуранг натижадан сўнг тўртинчи тур ўйинида «Астон Вилла»га ҳеч қандай имконият қолдирмади. Мазкур баҳсда йирик 3:0 ҳисоби қайд этилди.
Чемпионат пешқадамларидан ҳисобланган яна бир жамоа «Эвертон» ҳам бу турда ғалаба қозонди. Ливерпул шаҳри жамоаси «Бернли»ни 3:1 ҳисобда мағлуб этди. Шу тариқа клуб очколари сонини 10 тага етказиб олди. Ушбу турда ягона дуранг натижа «Саутгемптон» – «Вест Хем» ўйинида қайд этилди: ҳисоб очилмади. Шунингдек Англия чемпионати тўртинчи турида «Уотфорд» «Вулверхемптон»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, «Брайтон» сафарда «Бренфорд»ни 0:1 ҳиобида мағлуб этди.
Премьер-лиганинг 4-туридан сўнг турнир жадвали юқори поғоналарида 10 очко билан «Манчестер Юнайтед», “Ливерпул”, «Челси» ва «Эвертон» жамоалари бормоқда. Турнир жадвалининг сўнгги ўрнини мавсум бошидан бери умуман очко жамғара олмаётган «Норвич» клуби эгаллаб турибди. Ундан юқори ўринларда «Нюкасл» ва «Бернли» жамоалари бормоқда. Чемпионат тўпурарлар руйхатини «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Бруно Фернандеш ва «Вест Хем» клуби аъзоси Антонио бошқаряпти.
Англия чемпионати навбатдаги тур беллашувлари 18-19 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Ла Лига
Ўтган ҳафта Испания Ла Лигасида ҳам навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди. Турни «Леванте» – «Раё Валекано» учрашуви очиб берди. Чемпионат турнир жадвалининг ўрта поғонасида бораётган жамоалар иштирокида ўтган мазкур баҳс 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан якунига етди. Биргина «Барселона» клубининг «Севиля»га қарши ўйини қолдирилганини ҳисобга олмасак мусобақа фаворитлари бу турда ҳеч қандай йўқотишларсиз ғалаба қозонди. Хусусан, «Реал Мадрид» «Селта»ни 5:2 ҳисобида енгган бўлса, Мадриднинг яна бир жамоаси «Атлетико» сафарда «Эспанёл» устидан 2:1 ҳисобида устун келди.
Мавсум бошидан бери ишончли ўйин кўрсатаётган«Валенция» «Осасуна»ни йирик ҳисобда мағлуб этди. Чемпионатда юқори ўринлар учун курашаётган «Атлетик Б» ҳам мазкур турда ишончли ғалаба қозонди. Жамоа унда «Малорка»ни 2:0 ҳисобида енгди ва навбатдаги уч очкога эга бўлди. Айни шу ҳисоб «Реал Соседад» – «Кадис» ўйинида ҳам қайд этилди. Унда «Кадис» футболчилари мағлубият аламини тортиб кўришга мажбур бўлди. Шунингдек, ушбу турда «Гранада» – «Бетис» ўйини 1:2 ҳисобида якунланди. Турнинг сўнгги ўйинларидан бирида «Хетафе» клуби «Элче» га кичик ҳисобда мағлуб бўлди. Испания чемпионатининг бу турида «Барселона» – «Севиля» ўйини каби «Вилереал» – «Алавес» баҳси ҳам бошқа санага қолдирилди.
Ла Лига тўртинчи туридан сўнг «Реал Мадрид», «Валенция» ва «Атлетико» жамоалари 10 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Сўнгги ўринларни эса мавсум бошидан буён биронта ҳам очко жамғара олмаган «Алавес» ва “Хетафе” клублари бормоқда. Улардан бир ўрин юқорини бир очко билан «Селта» жамоаси эгаллаган. Тўпурарлар руйхатини «Реал Мадрид» ҳужумчиси Карим Бензема бешта тўп билан бошқариб турибди.
Испания чемпионати бешинчи тур ўйинлари 18-19-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
А cерия
11-12 сентябрь кунлари Италия А сериясининг ҳам навбатдаги учрашувлари ўтказилди. Ушбу учинчи тур ўйинларини «Эмполи» – «Венеция» баҳси очиб берди. Унда «Венеция» сафарда уч очко билан қайтишга муваффақ бўлди. Криштиану Роналдуни «Манчестер Юнайтед»га сотиб юборган «Ювентус» клуби мазкур турда ҳам рақибларига имкониятни бой берди. Бу сафар «Наполи» ўз уйида Турин клубидан уч очко олишга эришди. Эслатиб ўтамиз, Италия чемпионати иккинчи турида «Эмполи» «Ювентус»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этганди. Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов тўп тепаётган «Рома» жамоаси бу турда ҳам ғалабали сериясини давом эттирди. Бу гал римликлар «Сассуоло» ни 2:1 ҳисобида енгди.
Учрашувда Элдор Шомуродов битта голга ҳаммуаллифлик қилди. Ушбу турнинг энг қизиқарли ўтган тўқнашувларидан бири «Сампдория» – «Интер» ўртасида бўлиб ўтди. Унда жамоалар 2:2 ҳисобидаги жанговар дурангга имзо чекди. «Каляри» – «Женоа» ўйинида умумий бешта тўп киритилди. Муросасиз кечган учрашувда женоаликлар 2:3 ҳисобда ғалаба қозонди ва биринчи ғалабасини қўлга киритди.
Мазкур турда энг йирик ҳисоб эса «Торино» – Салертина” ўйинида кузатилди. Баҳсда «Торино» 4:0 ҳисобда рақибидан устун келди. Шу тариқа «Торино» ўзининг дастлабки ғалабасига эга бўлган бўлса, «Слертина» чемпионатда учинчи бор мағлубиятга учради. Турнинг марказий ўйинларидан бирида «Фиорентина» «Аталанта»дан 2:1 ҳисобида устун келди. «Специя» – «Удинезе» ўйинида 0:1 ҳисоби қайд этилди. Шунингдек А серия учинчи турида «Болонья» ўз уйида «Верона»ни битта тўп фарқи билан ютган бўлса, «Милан» «Лацио»ни 2:0 ҳисобида енгди.
Чемпионат турнир жадвалида «Рома», «Милан» ва «Наполи» жамоалари 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Сўнгги ўринларни эса «Салертина», «Верона» ва «Ювентус» клублари эгаллаб турибди. Тўпурарлар руйхатини «Лацио» ҳужумчиси Иммобиле бошқариб келмоқда. Италия чемпионати 4-тур учрашувлари 18-19-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Бундеслига
Германия Бундеслигаси тўртинчи туридан ўрин олган беллашувлар ҳам ФИФА кунлари якунига етганидан сўнг ўтказилди. Бундеслиганинг ушбу тур ўйинлари мухлисларга бир қатор қизиқарли ўйинларни тақдим этди. Хусусан, «Байер» – «Боруссия Д» ўртасида кечган баҳсида 3:4 ҳисоби қайд этилди. Қарама-қаршиликларга бой бўлган ўйинда «Боруссия Д» ишончли ғалаба қозонди. Чемпионатда юқори ўринларда бораётаган «Бавария» клуби бу турда «Лейпциг»ни аяб ўтирмади. Баҳс 1:4 ҳисобида мюнхенликлар фойдасига ҳал бўлди.
Мавсум бошидан буён мағлубиятга учрамаган «Волфсбург» бу сафар «Гройтер Фюрт»ни 2:0 ҳисобида енгди ва турнир жадвалида яққол пешқадамга айланиб олди. «Боруссия М» – «Армения» ўйинида 3:1 ҳисоби қайд этилди. Шу каби ҳисоб «Бохум» – «Герта» ўртасида ўтган тўқнашувда ҳам кузатилди. Унда «Герта» клубининг қўли устун келди. Мазкур турда «Фрайбург» – «Кёлн», «А. Франкбург» – «Штутгарт» ва «Унион» – «Аугсбург» учрашувлари дуранг натижа билан якунланди. Шунингдек, бу турда «Майнс» «Хоффенхайм» устидан 2:0 ҳисобда устун келди.
Германия чемпионати тўртинчи туридан кейин «Волфсбург» клуби 12 очко билан турнир пешқадами бўлиб турибди. Ундан кейинги ўринларни «Бавария» ва «Боруссия Д» жамоалари банд этган. Сўнгги поғоналарда эса «Гройтер Фюрт», «Аугсбург» ва «Герта» клублари бормоқда. Тўпурарлар руйхатини 6 та тўп билан «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски бошқаряпти.
Бундеслига бешинчи тур ўйинлари 18-19 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Лига 1
Ўтган ҳафта Франция чемпионатида ҳам навбатдаги ўйинлар ортда қолди. Бешинчи тур ўйинларида кутилмаган ҳисоб «Монако» – «Марсел» ўйинида кузатилди. Турнинг асосий ўйинида «Монако» рақибига 2:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Мавсумни мағлубиятсиз ўтказётган «ПСЖ» клуби бу сафар «Клермон» жамоасини аяб ўтирмади. Учрашув 4:0 ҳисобда парижликлар фойдасига ҳал бўлди.
Шу тариқа Париж клуби рақибларини сезиларли даражада ортда қолдирмоқда. Ушбу турнинг энг қизиқарли ўтган баҳсларидан бири «Бордо» – «Ланс» ўртасида бўлди. Унда «Ланс» жамоаси сафарда 2:3 ҳисобида ғалаба қозонди ва ҳисобига навбатдаги уч очкони ёздириб қўйди. Баҳсларда биргина «Брест» – «Анже» баҳси дуранг натижа билан якунланди. Юқори ўринлар учун курашаётган «Лион» клуби ҳам бу турда ғалабага эришди. Жамоа унда «Страсбур»ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Мусоқаба пешқадамлари сафида бораётган «Ницца» ҳам ўз ҳисобига уч очкони ёздириб қўйди. Бу сафар жамоа «Нант» дан 2:0 ҳисобда устун келди. Шунингдек, Франция чемпионати бешинчи турида «Ренн» 2:0 ҳисобида «Реймс»дан мағлуб бўлган бўлса, «Метс» клуби ҳам «Труа»га худди шу ҳисобда енгилди. «Монпеле» – «Сент-этен» учрашуви ҳам 2:0 ҳисобида янкунланди.
Лига 1 нинг мазкур тур ўйинларидан сўнг «ПСЖ» 15 очко билан турнир жадвали пешқадами бўлиб турибди. Ундан кейинги ўринларни «Анже» ва «Ницца» клублари эгаллаб турибди. Турнир жадвалининг сўнгги поғоналарида «Бордо», «Сент-этен» ва «Брест» бормоқда. Мусобақа тўпурари бешта тўп билан «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе бўлиб турибди.
Франция чемпионати олтинчи тур ўйинлари 18-19 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Жамшидбек Амиров







