“Толибон” конституцияси лойиҳаси: унда нималар назарда тутилмоқда?
“Толибон” ҳаракати “Афғонистон Ислом амирлиги асосий тамойиллари” номли конституция лойиҳасини ишлаб чиққани айтилмоқда. Бу ҳақда “Спутник Афганистан” хабар берди.


Ҳужжат 12 бўлим, 79 моддадан иборат. Унда янги ҳукумат қонунийлиги қасамёд ва овоз бериш йўли билан белгиланганиши мумкин. Мамлакат байроғи оқ рангда бўлиши қайд этилган. Шунингдек, ҳар жума, икки ҳайит, Афғонистон мустақиллиги куни, босқинчилар мағлубияти ва мамлакатни тарк этиш куни байрам кунлари, деб эълон қилинган.
Қонун лойиҳасида таълимга оид бир қанча кўрсатмалар ҳам ўрин олган. Хусусан, барча ўрта мактабларда араб тили мажбурий ўқитилади. Шу билан бирга диний илмлар ривожлантирилиши ва мадрасалар очилиши рағбатлантирилиши белгиланган.
Пушту ва дари давлатнинг расмий тили сифатида танлаб олинган. Шунингдек, пушту Афғонистоннинг “миллий тил”и мақомига эга бўлади. Қонунда мамлакатда мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилиши тўғрисида банд бор. Бундан ташқари Афғонистоннинг барча фуқароси тенг ҳуқуқларга эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Маълумот ўрнида: 15 август куни “Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаган. 31 августда АҚШ Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Ҳаракат томонидан эгалланмаган ягона ҳудуд — Панжшер эди. Аммо 6 сентябрда ушбу ҳудуд ҳам “Толибон” назоратига ўтди. Шундан кейин толиблар 7 сентябрь куни мамлакатнинг янги ҳукумати тузилганини эълон қилди.
Жаҳонгир Қўзиев







