Футзал бўйича жаҳон чемпионати. Нимчорак финалга кимлар йўл олди?
Шу кунларда Литва давлати футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда.

Ушбу мусобақада гуруҳ ўйинлари ниҳоясига етиб кейинги босқичга йўл олган жамоалар номи маълум бўлди. Биз бугун плей-оффга чиққан ўзаро рақибга айланган жамоалар ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Жаҳон чемпионатининг «А» гуруҳида Қозоғистон ва Венесуэла терма жамоалари кейинги босқич йўлланмасига эга бўлди. Мазкур гуруҳда охирги тур ўйинлари 18 сентябрь куни бўлиб ўтди. Унда гуруҳда икки ўйин натижасига кўра умуман очко жамғара олмаган Коста-Рика ва Литва терма жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Натижада мезбонлар рақибларига йирик 6:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида гуруҳ етакчилари Қозоғистон ҳамда Венелуэла жамоалари баҳс олиб борди. Иккала терма ҳам бу ўйин олдидан иккита ғалабани қўлга киритиб кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлган эди. Биринчи ўрин учун кечган ушбу беллашувда дуранг натижа қайд этилди. Фақат тўплар нисбатига кўра Қозоғистон биринчи ўриндан жой олди. Иккинчи поғонани Венесуэла термаси эгаллади.
Ўзбекистон футзал терма жамоаси жой олган «Б» гуруҳида ҳам 18 сентябрь куни учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Мазкур учрашувларда Ўзбекистон Миср термасига қарши, гуруҳ пешқадами россиялик футзалчилар эса Гватемалага қарши баҳс олиб борди. Бунга қадар мусобақа давомида иккита мағлубият аламини тортиб кўрган терма жамоамиз сўнгги ўйинда Мисрни мағлуб этиши талаб этиларди. Кескин курашларга бой бўлган ўйинда жамоамиз 2:1 ҳисобида рақибини мағлуб этди ва плей-оффга йўл олди. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса Россия футзал жамоаси Гватемаладан 4:1 ҳисобида устун келди. Шу тариқа россиялик футзалчилар 9 очко билан кейинги босқичга йўл олди.
«C» гуруҳида ҳам нимчорак финал учун кураш жиддий тус олди. 19 сентябрь куни бўлиб ўтган сўнгги тур ўйинларида Соломон ороллари Таиланддан 4:9 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлса, гуруҳ пешқадами жамоаси эса Марокаш билан дуранг натижа қайд этди. Шундай қилиб Португалия терма мазкур гуруҳда курашни Португалия, Марокаш ва учинчи ўринда энг яхши кўрсаткичга эга жамоа сифатида Таиланд термалари давом эттирадиган бўлди.
Жаҳон чемпионатининг «Д» гуруҳида Чехия ва Вьетнам жамоалари иккинчи ўрин учун жиддий кураш олиб борди. Гуруҳ фаворити Бразилия мусобақа давомида барча рақибларини йирик ҳисобда мағлуб этишга муваффақ бўлди. Хусусан, бразилияликлар биринчи турда Вьетнамни 9:1га, иккинчи турда Чехияни 4:0га ва сўнгги баҳсда панамалик футзалчиларни 5:1 ҳисобида мағлуб этди ва гуруҳда биринчи ўрин билан кейинги босқичга йўл олди. Иккинчи ўрин учун курашда Вьетнам рақиб дарвозасига киритилган тўплар ҳисобига Чехия термасига имкониятни бой берди. Бироқ энг яхши кўрсаткичга эга жамоа сифатида Вьетнам термаси ҳам кейинги босқичда иштирок этадиган бўлди.
«Э» гуруҳида охирги тур ўйинлари 20 сентябрда ўтказилди. Унда Испания Анголага қарши баҳс олиб борган бўлса, япониялик футзалчилар Парагвай билан рўбару келди. Мазкур турнинг биринчи учрашувида Испания Анголадан 4:1 ҳисобида устун келди. Иккинчи ўйинда эса Япония Парагвайга кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа мазкур гуруҳдан кейинги босқичга Испания биринчи, Парагвай иккинчи ўринда Япония футзал терма жамоаси эса энг яхши кўрсаткичга эга жамоа сифатида йўл олди.
Жаҳон чемпионатининг охирги «Ф» гуруҳида ҳам қизиқарли ўйинлар ўтказилди. Хусусан, гуруҳда биринчи ўрин учун кечган баҳсда Аргентина Эрон термасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Гуруҳнинг иккинчи баҳсида эса АҚШлик футзал терма жамоаси сербияликларга 0:7 ҳисобда имкониятни бой берди. Шундай қилиб «Ф» гуруҳидан кейинги босқичда Аргентина, Эрон ва энг яхши кўрсаткичга эга учинчи ўрин соҳиби сифатида Сербия термаси плей-офф босқичида иштирок этади.
Жаҳон чемпионатида кейинги босқич учрашувлари 22 сентябрдан старт олади. Ушбу беллашувларни Россия – Вьетнам термалари ўртасидаги ўйин очиб беради. Хусусан, шу кунги баҳсларда Венесуэла ва Марокаш термалари ҳам ўзаро учрашади. 23 сентябрь кунги ўйинларда Қозоғистон – Таиланд, Аргентина – Парагвай ва Бразилия - Япония жамоалари тўқнаш келади. Нимчорак финалнинг учинчи кун ўйинларини Ўзбекистон – Эрон ўйини очиб беради. Шунингдек, шу куни Португалия Сербияга, Чехия эса Испанияга қарши майдонга чиқади.
Жамшидбек Амиров







