Олимлар узоқ умр кўришда қандай таомланиш зарурлиги сирини очди
Мутахассисларнинг фикрича, узоқ умр кўриш кўп жиҳатдан бизнинг яшаш тарзимиз, яъни ўзимизни назорат қилишимиз, овқатланиш, уйқу ва жисмоний фаоллик каби омилларга ҳам боғлиқ экан.

Европа Иттифоқи университетлари олимлари ўзаро ҳамкорликда умрни узайтирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказди. Улар тадқиқот натижасида организмни ёшартирувчи ва умрни узайтиришга ёрдам берувчи маҳсулотлар рўйхатини тузди. Унга кўра, «узоқ умр кўриш таомнома»сидан қуйидаги маҳсулотлар ўрин олган:
Сули ёрмаси

Сули ёрмасидан тайёрланган бўтқа нафақат нонуштабоп, балки саломатлик учун ҳам фойдали саналади. У, айниқса, юрак заифлиги, камқонлик, ортиқча вазн, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак касалликларининг олдини олишда ёрдам беради.
Қайнатилган тухум

Тухум жисмоний фаолликни, ақлий қувватни оширади, хотирани мустаҳкамлайди. Лекин аллергияси бор беморларга қайнатилган тухумни ҳафтада икки мартадан ортиқ ейиш тавсия этилмайди. Қовурилгани эса семиртириш хусусиятига эга.
Сут маҳсулотлари

Организмни кальций билан таъминлаб, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди ва иммунитетни мустаҳкамлайди.
Брокколи карами

Брокколи ва бошқа хочгулли сабзавотлар таркибида соғлом ҳужайраларни ҳимоя қилишга ёрдам берувчи сулфорафан ва бошқа антиоксидантлар мавжуд.Уларни, айниқса, хом ҳолда истеъмол қилиш фойдали.
Резавор мевалар

Резавор мевалар ҳам организмни ҳимоя қилувчи антиоксидантларга жуда бой. Улар таркибидаги антоцианлар мия ва мушак тўқималарининг тўлиқ фаолият кўрсатишига ёрдам беради.
Қора шоколад

Қорамтир шоколад таркибида антиоксидантлик хусусиятига эга, тромбларни олдини олишга ёрдам берувчи, яллиғланишга қарши курашувчи флавоноид моддалари мавжуд.
Помидор

Помидор энг кучли каротиноид — инсон қонида учрайдиган антиоксидант ҳисобланувчи ликопиннинг ажойиб манбаси саналади. У инсон оргнизмини простата, ўпка ва меъда саратонидан ҳимоя қилишда ёрдам беради.
Ушбу маҳсулотлар полифенол(микроэлементлар)га бой бўлиб, шикастланган тўқимларни тиклайди ва улар ҳаётини узайтиради. Шунингдек, мутахассислар балиқ, гўшт ва сут маҳсулотлари организмни керакли калория, ёғ ва минераллар билан таъминлаши, мевалар тўқималарни асраши ҳамда улар умрини узайтириш хусусиятига эгалигини таъкидлаган.
Озода Чориева тайёрлади.







