“Халқ сўзи" мухбири ва яна уч киши қурбон бўлган ЙТҲ сабаблари аниқланди
Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати томонидан эълон қилинган лавҳада айтилишича, авария машина ҳайдовчисининг ухлаб қолиши оқибатида юз берган.


Маълум қилинишича, мазкур йўл транспорт ҳодисаси 19 сентябрь куни соат 23:35 да Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани Саримой қишлоғи ҳудудидан ўтган А-380 Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу халқаро аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўлининг 493-километрида содир бўлган.
Қайд этилишича, 25 ёшли фуқаро тегишли ҳужжатлар билан “Tasuma” русумли автомобилни бошқариб бораётиб, ухлаб қолган ва йўлдан чап томонга бурилаётган “ISUZU” юк машинасининг орқа томонига келиб урилган.
Оқибатда, ҳайдовчи А.М. ҳодиса жойида, ушбу автомобиль йўловчилари С.М. шифохонага олиб кетилаётганда, Р.Ж. ва А.Қ. эса шифохонада вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал “Халқ сўзи” газетаси журналисти ЙТҲга учраб вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Чўлпоной Аҳмедова







