Жаҳон чемпионатида оғир атлетикачиларимиз дастлабки олтин медални қўлга киритди
Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳрида ўтказилаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз илк олтин медални қўлга киритди.

-73 кг вазн тоифасида иштирок этган Диёрбек Эрматов даст кўтариш машқида 132 кг натижа билан ушбу йўналишда тенгсиз эканини исботлади. Шу тариқа вакилимиз даст кўтариш машқида олтин медалга сазавор бўлди. Бироқ силтаб кўтаришда кичик омадсизлик сабаб вакилимиз икки кураш ҳисобида бешинчи поғонани қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур чемпионатда Озода Ҳожиева силтаб кўтаришда бронза медаль соҳиби бўлган бўлса, икки кураш натижасига кўра иккинчи ўринни қўлга киритди. Яна бир ҳамюртимиз Ҳусинбой Матрасулов ҳам бронза медаль соҳибига айланди.
Аввалроқ оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати вакилларимиз учун бронза медаль билан бошлангани ва боксчи қизларимиз Болгариядаги халқаро турнирга йўл олгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







