Бокс бўйича жаҳон чемпионатида совриндорларга қанча пул мукофоти берилиши маълум бўлди
Шу йилнинг 24 октябрь – 6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади.

Мазкур жаҳон чемпионатида Рио олимпиадаси кумуш медали соҳиби, Германияда ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби Шаҳрам Ғиёсов ва Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳам иштирок этади.
Терма жамоанинг асосий таркибидан Нодиржон Мирзаҳмедов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов, Абдумалик Халоков, Мужибулло Турсунов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Саиджамшид Жафаров, Одилжон Аслонов, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Мадиёр Саидраҳимов, Лазизбек Муллажонов жой олди.
Хабарларга кўра, жаҳон чемпионатида 105 давлатдан 650 боксчи 13 вазн тоифасида баҳсларда иштирок этади. Мусобақада чемпион бўлган боксчи 100 минг АҚШ долларини қўлга киритади. Кумуш медали соҳиби 50 минг, бронза медаль эгаси 25 минг АҚШ доллари билан мукофотланади.
Аввалроқ Куба бокс терма жамоаси юртимизга етиб келгани ва Шаҳрам Ғиёсов ҳамда Ҳасанбой Дўсматов жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







