Эндиликда 3-курс талабалари ҳам мактабларда дарс беришлари мумкин
Маълумки, талабалар орасида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, ўзини ўзи маблағ билан таъминлайдиган, жоиз бўлса, оила аъзоларига ҳам пул бериб турадиганлар йўқ эмас.


Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-қарори билан "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида"ги низомнинг 7-бандига кўра, олий ёки ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни умумтаълим муассасаларига педагог лавозимига қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Мазкур низомнинг 8-бандида "олий таълим муассасасининг 4-курсида ўқиётган шахслар педагоглик ишини амалга ошириши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади", дейилган.
Маълумот учун: ушбу қоида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётганлар учун ҳам, сиртқи таълимда таҳсил олаётганлар учун ҳам бирдай амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 октябрдаги "Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга малакали ўқитувчи-педагогларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан, педагогика йўналишларида кундузги, кечки, сиртқи бўлимларнинг 3-курсида таҳсил олаётган талабаларга мактабларда дарс бериш ҳуқуқи берилди.
Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати хабарига кўра, аввалги тартибга биноан талабалар 4-курсдан бошлаб, мактабларда дарс беришлари лозим эди. Мутахассис тоифасидаги педагоглар 1,5 йилда олий тоифага эришишлари мумкин.
Низомнинг 4-бандида: "Илгари аттестациядан ўтмаган, ишга янги қабул қилинган педагог кадрлар ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилиши"
Низомнинг 6-бандида: "педагогик фаолият бўйича уч йилдан кам бўлган иш стажига эга педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги";
Низомнинг 7-бандида: "Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтишлари мумкин"лиги белгилаб қўйилган.
Ушбу аттестацияларда паст натижа қайд этган тақдирда ҳам сизга нисбатан салбий қарор қабул қилинмайди.
Мазкур қарор билан яна бир қатор янгиликлар жорий этилган бўлиб, улар ҳақида Таълим инспекциясининг телеграм канали орқали хабар бериб борилади.
Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексининг 78-моддасига кўра, ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш сўраб мурожаат қилган шахснинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт. Бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим.
Агар иш берувчи сизни асоссиз равишда ишга олмаган ёки иш ўринларини яширган бўлса, маъмурий, ҳаттоки жиноий жавобгарликкача тортилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда талабаларнинг неча фоизи қизлар экани очиқлангани, ўқитувчиларга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат электрон шаклда берилиши ҳамда ОТМлар ҳузурида 24 та техникум ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.







