Тошкент шаҳрининг қадимий 12 та дарвозаси қайта тикланади
18 октябрь куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг 12 та қадимий дарвозасини тиклаш ва унинг жойлашган координаталарини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти директори ўринбосари Камолиддин Файзуллаев эски шаҳар қалъасининг 12 дарвозаси ва Ўрданинг жойлашган ўрни қидирилаётганлиги ҳақида айтиб ўтганди.
Қайд этилишича, мазкур объектларнинг аниқ жойлашувини картографик архив материалларини бугунги кундаги жойга географик боғлаш орқали аниқлаш имконини бериш учун 1866-1872, 1890, 1912, 1977 ва 2019 йилларда яратилган хариталардан фойдаланилган.
Шунингдек, Эски шаҳар қалъасининг девори ва 12 дарвозаси ҳамда Ўрданинг тарихи акс этган маълумотлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти “his.tashkent.uz” интерактив платформасида бир ярим асрга тааллуқли хариталар жойлаштирилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Рақамли ривожланиш департаменти” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг 12 та қадимий дарвозаларининг координаталари аниқланган. Бу учун архив хариталари замонавий хариталарга боғланган.
Маълумот ўрнида, қадимий дарвозаларни қайта тиклаш ва қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилишига уч ой муддат берилиши режалаштирилган. Буюртмачи этиб – Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгиланмоқда.
Бош лойиҳачи ва бош пудрат ташкилотлари эса қонунчиликда белгиланган тартибда тендер (танлов) ўтказиш йўли билан аниқланади.
Қадимий дарвозаларини қуриш ишларини молиялаштириш манбалари Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида кўриб чиқилади.
Чўлпоной Аҳмедова







