Молиявий оқимларни яхшилаш учун мамлакатдаги инвестицион муҳитни яхшилаш керак
Бугун, 21 октябрь куни Халқаро медиа-холлда "Қулай ишбилармонлик муҳити: қандай қилиб Ўзбекистон молиявий оқимларнинг минтақавий марказига айланиши мумкин?" мавзусида мунозара бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва ташкилот вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.

Молиявий оқимларни яхшилаш учун, энг аввало, мамлакатдаги инвестицион муҳитни яхшилаш керак. Тадбирда сўзга чиққан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов ҳам сўнгги беш йилликда Республикада инвестицион муҳитни яхшилаш учун қилинган ишлар юзасидан маълумот берди.
Хусусан, республикага кириб келиш сўнгги йиларда янада осонлашди. Ҳозирда Ўзбекистонга 90 дан ортиқ мамлакат фуқаролари визасиз киришлари мумкин. Шу боис ҳам Ўзбекистон МДҲ доирасида энг либерал виза сиёсатини жорий этганлиги билан ажралиб туради.
Шунингдек, республикада сўнгги йилларда инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Улардан бири –– инвесторлар масалалари бўйича Олий Судда махсус хайъат ташкил этилганидир. Эндиликда улар Олий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши мумкин.
Бундан ташқари, 2022 йил мартида Ўзбекистонда I инвестицион форум бўлиб ўтиши белгиланган. Бу орқали инвесторларни жалб қилиш янада кенгайиши мумкин.
Тадбирда яна бир спикер – Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дилмурод Касимов республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланганига эътибор қаратди.
Мунозара иштирокчиларидан бири – korzinka.uz асосчиси Зафар Ҳошимов ҳам сўнгги йилларда тадбиркорларнинг том маънода мавқеи кўтарилганини таъкидлади.
“Узоқ йиллар давомида тадбиркорларга етарли эътибор берилмади. Аммо сўнгги беш йилда тадбиркорларнинг мавқеи жамият орасида ҳам, давлат сиёсатида ҳам кўтарилди”, – деди тадбиркор.
Маълумот учун: 2020 йилда пандемияга қарамай, Ўзбекистонда 195 мингта янги иш ўрни яратилди. Бу йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса, бу кўрсаткич 150 мингни ташкил этмоқда. Шунингдек, тадбиркорларнинг 618 миллион долларлик технологик ускунаси ишга туширилиб,бунинг натижасида 39 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Жаҳонгир Қўзиев







