Ўзбекистон Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи аъзоси бўлди
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков бошчилигидаги делегация Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Гланд (Швейцария) шаҳрида жойлашган бош қароргоҳига ташриф буюрди.

Уларни Иттифоқнинг ривожланиш гуруҳи глобал директори Энрике Ламанн кутиб олди.
Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига аъзоликка қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Мамлакатимиз Иттифоқ сафига қўшилган 92- ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи давлат бўлди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг қўриқланадиган табиий ҳудудлар ва биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасига қаратилган саъй-ҳаракатлари, илмий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Иттифоқ аъзолигига киришига бўлган интилиши алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, бу ютуқ Ўзбекистонга Глобал экологик жамғарма (ГЭФ) ва Яшил иқлим жамғармаси (ЗКФ) дан экологик лойиҳалар учун грант маблағларини жалб қилишни жадаллаштириш, республикадаги ихтисослаштирилган муассаса ва ташкилотларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқишда халқаро стандартларни қўллаш имкониятини яратади.
Маълумот учун: Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи биохилмахилликни сақлаш соҳасида тадқиқотлар олиб борадиган, табиат яхлитлигини сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга ҳисса қўшадиган дунё миқёсидаги етакчи ташкилот ҳисобланади.
Иттифоқ 1948 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унга 91 мамлакат ва 120 давлат ташкилоти аъзо.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ҳелена Фрайзер “Юксалиш” умумиллий ҳаракатининг фахрий аъзоси бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







