Ҳар йили “тренд”га чиқадиган талабалар муаммоси узоғи билан 4 йилда ҳал этилади
Вилоятдан пойтахтга ўқишга келган йигит-қизларнинг ягона мақсади — квартира излаб топиш. Ҳар йили янги ўқув йили бошланиши арафасида талабалар орасида ётоқхона муаммоси “тренд”га чиқади. Уларни қийнайдиган бу муаммо бартараф этиладими? Ёки ҳар йилгидек, эски ҳаммом — эски тослигича қолавердими? Аслида, бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бугун Халқаро медиа-холлда бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бу каби саволларга жавоб берди.


"Сифатли таълим — инсон капиталига сармоя" мавзусидаги мулоқотда Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Таъкидланганидек, республикада жорий йилнинг май ойигача 58 минг ўринли талабалар турар жойи мавжуд эди. Йилдан-йилга олий таълимга талабалар қамрови ортиб бораётгани ҳисобига ётоқхонага бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг қайд этишича, сўнгги уч ойда мавжуд талабалар ётоқхонасида 30 мингта янги ўрин яратилди. Шунингдек, 10 минг ўринли янги талабалар турар жойи қурилди.
Биз бу билан муаммо тўлиқ ечилди дея олмаймиз, — дейди А.Тошқулов. — Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори билан сўнгги 4 йилда яна 100 минг ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи қурилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, тадбирда бу йил 100 минг нафар талаба чет давлатдан Ўзбекистонга ўқишини кўчириши учун ариза билан мурожаат қилгани, шунингдек, ОТМ жорий ўқув йилидан бошлаб кредит модул тизимига тўлиқ ўтгани каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Баҳринисо Мадумарова







