Интернет мониторингида сайлов жараёнида журналист сайлов қутисини кўздан кечириб, тегингани аниқланди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган сайловга оид ҳар бир салбий хабар прокуратура органлари томонидан ўрганилди.

Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бош прокурорнинг қайд этишича, Миробод туманидаги 113-сонли сайлов участкасида “Газета.уз” сайти мухбири сайлов қутисини кўздан кечириб, тегинганлиги учун участка сайлов комиссияси раиси ўринбосари билан юзага келган зиддиятли ҳолат ҳақидаги видеоёзув Интернет мониторингида аниқланди. Ўрганиш жараёнида бу иккала томон ўзаро ярашиб, тушунмовчиликни бартараф этган, ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Тадбирда бу йилги сайловда янгиликлар бўлгани айтилди. Хусусан, барча сайлов участкалари 11 мингга яқин кўчма сайлов қутилари, брайль алифбосидаги сайлов бюллетенлари билан таъминланди. Барчасида пандуслар ўрнатилди ҳамда сурдо таржимонлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу каби ишлар натижасида имконияти чекланган фуқароларнинг ҳам овоз бериши амалда рўёбга чиқарилди.
Мавзуга оид: Юнусобод туманидаги 519-сонли сайлов участкасида фуқаро 3 нафар оила аъзолари учун ҳам
овоз беришга ҳаракат қилган.
Матбуот анжуманида бугунги кунда мамлакатимизда медиа макон вакилларининг фаоллашуви, жамоатчилик назоратининг кучайганлиги қонунийликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Аввалроқ МСКда МДҲ кузатувчилари билан брифинг ташкил этилгани ҳамда Туркий тилли давлатлар Кенгаши делегацияси раҳбари Омер Кочаман Zamon.uz учун махсус интервью бергани ҳақида хабар берилганди.
Баҳринисо Мадумарова







