Ўзбекистон ёшлари учун синов бошланди
Бугун U-23 Осиё чемпионати саралаш баҳсларининг “Д” гуруҳидаги ўйинларга старт берилади.

Унда “Пахтакор” стадионида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади.
Олимпиячиларимиз Осиё чемпионатида ҳам 21 ёшгача бўлган футболчилар билан иштирок этади. Сабаби жамоамизнинг асосий мақсади — Париж Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш ва унда муносиб иштирок этишдан иборат.
O’FA ва MOQ ўзаро ҳамкорликда “Париж-2024” мусобақасига тизимли тайёргарлик чораларини ишлаб чиққан. Ёш футболчиларнинг бу вақт ичида максимал формага кириши назарда тутилган. Футбол ривожланган баъзи давлатлар амалиётида бўлгани каби, Ўзбекистон олимпиячилари ҳам кейинги турнирларга U-21 таркиби билан бориб, ўйин амалиёти ва тажрибасини оширишга эътибор қаратади.
Эслатиб ўтамиз, вакилларимиз ушбу саралаш ўйинлари Осиё кубогига тайёргарлик вазифасини ўтайди. Жамоамиз бу мусобақага мезбон давлат сифатида тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлади. Бугунги баҳс 15:00да старт олади. Ўйинга мухлислар бепул кириши мумкин.
Аввалроқ “Насаф” OFK Кубоги финалига йўл олгани ва Жалолиддин Машарипов ОЧЛ чорак финалининг энг яхши ўйинчиси деб топилгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







