Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда тарих фани ўрнига ҳуқуқий фанлардан тест топшириш амалиёти жорий этилади
Маълум бўлишича, бугунги кунда тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда абитуриентлар 2 та бўлимдан иборат 5 та фан мажмуасидан тест синовлари топширади.

1-бўлимда барча йўналишлар учун мажбурий
3 та фан – Она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), Математика ва Ўзбекистон тарихи;
2-бўлимда 2 та фан – Тарих ва Чет тили фанлари жамланган.
ТДЮУ Кенгаши 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб мутахассислик блокидаги Тарих фани ўрнига ҳуқуқий фанларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Яъни бу янгилик кейинги йилдан эмас, балки 2 йилдан кейин жорий қилинади. Бошқача айтганда ҳозир мактабда 11-синфда ўқиётганлар кейинги йил имтиҳонда тарихдан тест топширади, ҳозир 10-синфда ўқиётганлар эса 2023 йили тестда тарих ўрнига ҳуқуқий фанлардан тест топширади.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда мактабларида 4 йил давомида юқори синфларда Давлат ва ҳуқуқ асослари ҳамда Конституциявий ҳуқуқ асослари фанлари ўқитиб келинмоқда. Тест саволлари ушбу мактаб дарсликлари асосида тузилади. Шунингдек, бу қарор мактабларда ҳуқуқий фанларни ўқитиш ривожига катта ҳисса қўшади, афсуски ҳуқуқ фанлари тест синовларида бўлмагани сабабли ўқувчиларда бу фанларни ўқишга қизиқиш йўқ.
Эндиликда ёшлар мактаб давриданоқ ҳуқуқий фанларни ўқишга киришади, бу уларда ўқувчилик давриданоқ ҳуқуқий билимларининг ошишига туртки беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дтм тест материаллари тарқалаётгани юзасидан изоҳ бергани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







