Тошкент яна бир анжуманга мезбонлик қилади
Пойтахтимизда МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия МОҚ раҳбарлари ўртасида минтақавий форум бўлиб ўтади.

Унда ушбу минтақа мамлакатларининг Миллий Олимпия қўмиталари раҳбарлари ва мутасаддилари иштирок этади.
Мазкур форумни ўтказишдан мақсад МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия давлатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда олиб борилаётган ҳамкорликни спорт йўналишида янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва биргаликда тараққий этишнинг янги режаларини муҳокама қилишдан иборат. Мазкур форумда минтақанинг 14 мамлакатидан 34 нафар делегат иштирок этмоқда. Улар орасида бир нечта МОҚ президентлари, Бош котиблари, яқин ўтмишда нуфузли мусобақалар ғолиб ва совриндорларини ҳам учратиш мумкин.
Эртага “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида форумнинг ялпи йиғилишлари бошланади. Унда минтақамиз спортини ривожлантириш, янги стратегик режалар хусусида маърузалар қилиниши, таклиф ва мулоҳазалар билдирилиши кутилмоқда.
Аввалроқ гимнастика афсонаси ўз мактабига асос солгани ва қишки Олимпия ўйинлари машаласи ёқилгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







