Шаффоф тест синовларини ўтказиш бўйича замонавий лойиҳа ишга туширилмоқда
Ушбу лойиҳа доирасининг илк босқичида жами 5 та замонавий тест марказлари ишга туширилади

Таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва педагог ходимларни фан йўналишлари ҳамда тегишли мутахассисликлари бўйича билим даражаларини ва малака тоифасини аниқлаш мақсадида замонавий тест марказларини ташкил этиш тизими жорий қилинмоқда.
Шу йўналишда Халқ таълими вазирлиги, А.Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўқитувчилар уюшмаси ҳузуридаги Билим ва кўникмаларни баҳолаш маркази ўртасида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шунингдек, тестлар сунъий интеллект ёрдамида инсон юз қисмини таниш технологиялари билан жиҳозланган ва онлайн мониторинг олиб бориладиган тест марказларида амалга оширилади. Бу борада инсон омили максимал камайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат хизматлари сифатини баҳолайдиган янги портал ишга тушгани ҳамда "Онлайн мактаб" дарслари учун алоҳида телеканаллар ажратилгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







