Сурхондарёда туғма юрак нуқсони бор болаларда жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда
Октябрь ойида Мешалкин номидаги илмий текшириш институти кардиожарроҳлари бу ерда қон томирларини стендлаш амалиётини ҳам ўтказганди.

Новосибирск шаҳрида жойлашган Мешалкин номидаги қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти кардиожарроҳлари Алексей Войтов ва Сардор Раҳмонов сурхондарёлик шифокорлар билан биргаликда туғма юрак нуқсони бор болаларда жарроҳлик амалиётини ўтказмоқда.
Мазкур операциялар жорий йил йил август ойида вилоятнинг бир гуруҳ делегацияси Россия Федерациясига сафари чоғида воҳада кардиохирургияни ривожлантириш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан мазкур илмий текшириш институти ҳамда Кардиология тиббий-амалий илмий маркази Сурхондарё филиали ўртасида тузилган шартноманинг амалий самараси ҳисобланади.
Шунингдек, ўтган ойнинг бошида Мешалкин номидаги илмий текшириш институти кардиожарроҳлари бу ерда қон томирларини стендлаш амалиётини ҳам ўтказганди.
Маълумот ўрнида: Мешалкин номидаги Миллий тиббиёт илмий-тадқиқот маркази (МДРМ) кардиожарроҳлари дунёда биринчи марта кичик кесма орқали юракни мураккаб операциясини ўтказган.
Бемор 65 ёшли эркак бўлиб, клапан калсификацияси (калтсий тузларининг чўкиши) ва томир деворининг икки баробар кенгайиши фонида оғир аорта юрак касаллиги билан оғриган. Операция давомида шифокорлар аортанинг ўзгарган қисми ва шикастланган қопқоқни синтетик протезга алмаштирди.
Тиббиёт марказининг таъкидлашича, одатда бундай жарроҳлик аралашув стернумнинг 18-20 сантиметр кесилиши орқали амалга оширилади. Агар бу усулдан воз кечилса, яранинг юқумли асоратлари хавфи минималлаштирилади ва беморнинг тўлиқ реабилитацияси 10-14 кун ичида ўз ўрнига келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мураккаб операциялар нархи Ўзбекистонда 10 баробар арзонлиги ҳамда 2022 йилгача Ўзбекистонда йилига 50 та юрак кўчириб ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







