Ёшлар ўртасида 2025 йилги Параосиё ўйинлари Тошкент шаҳрида ўтказилади
Шу пайтгача ҳеч қайси давлатда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари кетма-кет ўтказилмаган.

Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
"Ҳурматли Президентимиз томонидан олимпия ва паралимпия ҳаракатига алоҳида эътибор қаратилиб, зарур инфратузилма ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу соҳага кенг йўл очди.
Тошкент шаҳри яқинида Олимпия шаҳарчаси қурилаётгани, у ерда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинлари ўтказилишидан халқимиз яхши хабардор.
Энди яна бир хушхабар: ёшлар ўртасида 2025 йилги Параосиё ўйинлари ҳам Тошкент шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид маълум қилган.
Бу мусобақани қабул қилиш учун қитъамизнинг бир қатор етакчи давлатлари даъвогарлик қилишган эди. Якунда Осиё Паралимпия қўмитаси Тошкент шаҳри номзодини қўллаб-қувватлади", — дейилади хабарда.







