“Йилнинг энг яхши ёш олими – 2021” дипломлари ёҳуд билимни бизнесга айлантираётганлар кимлар?
Сохта ҳужжат 50 АҚШ долларига баҳонгани айтилмоқда.

Қайд этилишича, ўзбекистонлик ёшлар маълум миқдордаги пул эвазига мукофотни сотиб олгани аниқланган.
Бу ҳақда Андижон давлат университети тадқиқотчиси, тарихчи Шарофиддин Ҳошимжонов маълум қилди.
Унга кўра, 2020 йилдан буён кўплаб талабалар “Bobek” номли умуммиллий ҳаракат (Қозоғистон) томонидан берилаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг “Энг яхши ёш олими” мақоми, кўкрак нишони ва биринчи даражали диплом билан тақдирлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ваҳоланки, бу ҳақида давлат ва нотавлат ОАВ ҳам бу танловда ғолиб бўлган талабалар ҳақида маълум қилишди.ОАВ ларнинг барча тури, яъни, Халқ таълим вазирлиги, олий таълим муассасалари ва маҳаллий сайтларида мақтов маъносидаги материаллар жойланди. Аммо МДҲнинг “Энг яхши ёш олим” қўпол қилиб айтганда, “беъмаза қовун уруғи”дек, кўпайдики, унинг қаси бири келажакка хизмат қилади деган, риторик сўроқ пайдо бўлади.
Фактлар тилга кирганда, маълум йўналиш бўйича қатнашган иштирокчиларнинг барчаси ушбу йўналишда биринчиликни олгани фош бўлади. Ҳақиқий танлов низомида бундай ҳолат бўлмайди, бир йўналишда бир киши ғолиб бўлади.
Тарихчи Шарофиддин Ҳошимжонов бундай ҳолатга қуйидагича изоҳ беради:
“Аввал Андижон давлат университети ахборот хизматида ишлар эдим. Июнь ойида бир талабамиз МДҲда “Йилнинг энг яхши ёш олими” деб топилгани ҳақида хабар қилишди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилдик. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Кетма-кет шу танловда ғолиб бўлган талабалар ҳақида хабарлар кела бошлади, ҳаммасининг илинжи бир, университет расмий саҳифаларида эълон қилиш керак. Шундан сўнг ўйланиб қолдик ва текширишга қарор қилдик. Билдикки, ўзимизнинг талабаларимиздан бири уларнинг кўпига ўртада туриб ушбу «медал»ни пулга олиб беряпти. Талабалар расмий саҳифаларда ёритилмаслигини эшитгач, танлов ёлғон асосига қурилганини айтиб унга босим ўтказишган. У ҳар бир номзоддан 65 АҚШ долларидан олиб, 50 АҚШ долларини тўлов учун, ўзига 15 АҚШ долларини хизмат ҳақи учун олиб қолган”.
Аниқланишича, бу сохта “мукофот” ларни тақдим этаётган ташкилот жойлашган манзил Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳри, Алматы тумани, Е-49 кўча, 3/1 уй, 1 подеъзд, 3 этаж, 24 хонадон бўлиб, бу манзил турар жой типидаги уй саналади.
Ассоциация шаклидаги юридик шахслар бирлашмаси “Бобек” умуммиллий ҳаракати" раҳбари Абиев Еркебулан Муратович бўлиб, ҳозирда 29 ёшда, Москва давлат университети аспиранти. Ташкилот 2018 йил 19 июнда рўйхатдан ўтган.
Ажабланарлиси, ташкилот Таҳрир ҳайъати бўлимида ҳеч кимнинг исми, фамилияси мавжуд эмас. Демак, бу ҳар қандай мақолани чоп этиш ва “соққа” қилиш учун сертификат, медал бериш мумкин дегани.
Энг ёмони республика танловларида ёки махсус стипендиялар тайинланишида бу дипломлар ҳам топширилган.
Танловда иштирок этиш учун тўлов ҳақида маълумотларни ташкилотчиларнинг сайтидан топа олмадик. Бироқ, ушбу танловда қатнашиб, “ғолиб” бўлганлар билан суҳбатлашилганда улар 50-70 АҚШ доллари атрофида пул берганликлари аниқланди.Энг ачинарлиси битта илмий мақола билан энг яхши ёш олимни аниқлаш мумкинлиги ақлга сиғмайди.
Танлов эълон қилинган сайтда ҳеч қандай танлов ҳақида бирор маълумот йўқ.
Йўқ танлов “ғолиб” ва “ғолиба”ларига қайсидир вилоят ҳокими қўша-қўша совғалар ҳам берди.
Ушбу маълумотларни очиқлаган ўқитувчи Шарофиддин Ҳошимжонов танловда иштирок этган талаба билан суҳбатлашганда у мақолани ёзгани ва таржима қилиб ҳорижий нашрда чоп этиш учун 40 доллар берганини айтиб ўтган. Шундан сўнг, номи ва нишони йўқ танловга ўртакашлар орқали мақолани топширганва “ғолиб” бўлган.
Бундай ҳолатларга олиб келаётган “кичик” камчиликларнинг йўғон илдизига болта уриш вақти келмадимикан? Сохта обрў орттириш билан ўзимизни ўзимиз алдашимиздан нима фойда?
Айнан ёшлар ўртасида бу танловга қизиқиш шу даражада кўпайиб кетдики, ўзини машҳурлик шоҳсупасида кўришни хоҳлаган, бошқаларнинг пулини сарфлаб бўлса ҳам шунақа шуҳратга эришиш учун ҳаракат қилаётган “билим” эгаларининг асл мақсаддан оғишаётганидан огоғлантириш керак эмасмикан?!
Хулоса ўрнида, ўзига шу ишни эп кўраётган ёшлар сохта мақомни орзу қилаётганлар илм борасида синов келагнида икки юзи қизаришидан уялиб қолмасмикан?
Саволлар бисёр, тўғри ва ҳолис йўл танлаш албатта, ўзингизга ҳавола!
Чўлпоной Аҳмедова







