Сирдарё ҳокими 9 туман ва шаҳар раҳбариларига жиддий огоҳлантириш берди
Мазкур вазият ижро интизоми масалаларига бағишланган бошқарув аппарати йиғилишида эълон қилинди.

Бу ҳақда “Sirdaryo xabarlari” Telegram канали хабар берди.
Қайд этилишича, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев раислигида бўлиб ўтган йиғилиш мобайнида шаҳар ва туман ҳокимларининг иш тартиби ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Жумладан, Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқинжон Дадабаев, Ширин шаҳар ҳокими Сарвар Султонов, Янгиер шаҳар ҳокими Илёр Хўжаев иш фаолиятидаги камчиликлари борлиги учун огоҳлантирилган.
Шунингдек, Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова, Сардоба тумани ҳокими Абдуазим Хидиров, Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фазилов, Мирзаобод тумани ҳокими Жонибек Яриев, Сайхунобод тумани ҳокими Фаррух Ўктамжонов ва Сирдарё тумани ҳокими Ботиржон Мирзақулов мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган камчиликлари ва “ишонч телефонлари” иш фаолиятини йўлга қўймаганликлари сабабли қатъий тартибда муҳокама қилинган.
Маълумот учун: жорий йилнинг август ойида ҳам Сирдарё вилоятида 7 та туман-шаҳар ҳокимига, битта ташкилот ва битта бошқарма бошлиқларига нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чорасини қўлланилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори билан ишда йўл қўйган камчиликлари учун Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева ҳайфсан интизомий жазосини олганлиги ҳамда Президентнинг фармони билан Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







