8 ойлик ҳомиладор аёлни пичоқлаган шахс 20 йилга қамалди
Уни ўғрилик ва қотиллик содир этишига қиморда ютқазилган пул сабаб бўлган.

Бундан бир неча ой аввал ижтимоий тармоқларда Фарғоналик 29 ёшли Улуғбек Низомов интернетдаги «1xbet” қимор ўйинларида катта миқдордаги пулни ютқазиб қўйгани ва уни тўлаш мақсадида қўшнисининг уйига ўғриликка кириб ҳомиладор келинини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар тарқалган эди.
Мазкур қотилликни содир этган фуқаро қўлга олиниб унга нисбатан жиноий иш очилган эди.
Тергов жараёнларида маълум бўлишича Улуғбек Низомов интернет орқали мунтазам қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар ўйнаб келган. Натижада 100 миллион сўмдан ортиқ пул ютқазиб, кўп миқдорда қарздор бўлиб қолган. Қарзларини тўлаш учун қўшниси О.Қ.дан 2 минг доллар қарз олган. Қўшнисининг яхшилик қилиб пул бергани Улуғбекни ҳаловатини бузган. У қўшнимнинг уйида кўп пул борлигини тахмин қилиб жорий йилнинг 23 июнь куни уйига ҳеч ким йўқлигида ўғриликка тушган. Кутилмаганда уйга қўшнисининг ҳомиладор келини келиб қолади. Улуғбек Низомов қилмиши ошкор бўлишидан қўрқиб қўшни келинга пичоқ билан ҳужум қилган, танасининг турли соҳаларига тан жароҳатлари етказган ҳамда ҳодиса жойидан яширинган. Аёл кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, олган тан жароҳатлари натижасида шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
2021 йил 23 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон туман прокуратураси томонидан Улуғбек Низомовга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "б", "и" бандлари (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси 3-қисми "в", "г" бандлари (уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда баданга оғир шикаст етказиб, босқинчилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан қотилликка қўл урган шахсга суд ҳукми билан 20 йил қамоқ жазоси тайинланди.
Аввалроқ Булунғурда маст эркак амакисини кетмон билан жароҳатлаб, ўлдиргани ҳамда Фарғонада 15-16 ёшли болалар 45 ёшли таксичини ваҳшийларча ўлдириб далага ташлаб кетишгани ҳақида хабар берган эдик.
Муножат Валиева







