Турин политехника университетида бўлган фожиа юзасидан қўшимча маълумот берилди
Мазкур воқеага асосий сабаб нима эканлиги очиқланди.

Бундан аввал Тошкентда 18 ёшли йигит Турин политехника университетининг 18 ёшли талабасини уриб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.
Маълум бўлишича, жиноятни содир этган йигит андижонлик биринчи босқич талабаси бўлган марҳум талабани ўлдирмоқчи бўлмагани, балки ҳақоратга жавобан унинг юзига зарба берганини билдириб ўтган.
Ҳуқуқ-тартибот идорасининг расмий хабарига кўра, 25 ноябрь куни тахминан соат 12:30 ларда Турин политехника университети ҳовлисида 1-босқич талабалари С. ва М. учрашиб, шахсий муаммоларини ҳал қилишган. Баҳс яхшилик билан тугаган. Кейинроқ, уларнинг шу курсда ўқийдиган курсдоши воқеа нима билан тугагани сўраган. Аммо, жабрланувчи Ш. аралашманг деб, унга қарши чиққан. Шу пайт Самандарнинг дўсти А. келиб Ш.нинг юзига мушт уриб, ерга йиқитган. Натижада, Ш. воқеа жойида вафот этганлиги аниқланган.
Экспертизанинг дастлабки хулосаларига кўра, Ш.нинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, мияга қон қуйилиши ва мия тўқималарининг шикастланиши сабаб бўлган.
Жиноятни содир этган А.Р ўз ҳаракатларини қуйидагича изоҳлайди:
"Биз Турин политехника университетига бордик. У ердаги йигитлар жанжаллашишаётганди. Мен уларнинг олдига бордим ва ўша пайтда мен танимаган бир йигит бақирди ва мени қаттиқ ҳақорат қилди. Кейин, унинг юзига муштим билан урдим. Менинг зарбамдан одам ўлишини тасаввур ҳам қилолмагандим. Тенгдошларимга айтмоқчиман,хатоларимни ҳеч қачон такрорламанг. Қилган жиноятим учун қамалишим мумкин. Марҳум ўқувчининг ота-онасидан мени кечиришларини сўрайман, қилган ишимдан жуда афсусдаман”.
Мазкур ҳолат юзасидан А.га нисбатан ЖК.нинг 104-моддаси учинчи қисми "д" банди (баданга қасддан оғир шикаст этказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон тиббиёт инсититути магистири шифокорлар байрами куни автоҳалокатда вафот этгани ҳамда Сирдарёда бир гуруҳ шахсларнинг муштлашувига нима сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







