Метрода 13 ёшли қизга номақбул ҳаракатлар қилган шахсга суд ҳукми ўқилди
Фуқаро Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисмида назарда тутилган моддага мувофиқ жазога тортилди.

Метрода вояга етмаган қизга ножўя ҳаракатлар қилган шахс ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди
Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар беришича 2 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчи К. Ш. (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган)га нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
Ҳукмга кўра, К. Ш. 2021 йил 18 сентябрь куни Тошкент метрополитен поездининг вагонида вояга етмаган қиз болага нисбатан ножўя ҳаракатлар қилган фуқаро Жиноят кодексининг 129- моддаси, яъни 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш моддасидаги 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.
Мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 10 ой 21 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.
Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, йигирма сутка ичида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят бериш мумкинлиги маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ метрода 13 ёшли қизга тегажоғлик қилган эркак бўйича суриштирув ишлари бошлагани ҳамда 11 ёшли бола икки йил давомида амакиси томонидан зўрлаб келингани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







