Бош қомусимиз ўқувчилар нигоҳида
Бугун Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 338-мактабда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир ўқувчиларнинг маҳоратини юзага чиқариш билан бир қаторда, турли савол-жавоблар тарзида ўтказилган викториналар уларнинг билимларини ҳам яна бир бор синовдан ўтказиш имконини берди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги билан барчани табриклайман – дейди ушбу мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Антонина Зарипова. Бугунги ўқувчиларимиз томонидан тайёрланган байрам тадбири жуда кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Бу каби тадбирлар ўқувчиларимизни конституциямиздаги қонунларни англашга, тушунишга ҳамда уларга риоя этишга хизмат қилади. Бош қомусимизга нисбатан уларда ҳурмат ортади”.
Шунингдек, мазкур тадбирда 8-В, 8-Г, 9-Б ва 10-Б синф ўқувчилари иштирокида ўзаро заковат баҳслари ўтказилди. Қизғин ва муросасиз ўтган беллашувда 8-Г жамоаси ғалабани қўлга киритди. 2-ўрин 9-Б, 3-ўрин эса 10-Б жамоасига насиб этди. Ғолиблар тадбир сўнггида ташкилотчилар томонидан мақтов ёрлиғи ва турли эсталик совғалари билан тақдирланишди.
Жамшидбек Амиров







