Бензин нархи 6 500 сўм бўлди
Нархларнинг арзонлаштирилиши босқичма-босқич амалга оширилади.

Сўнгги кунларда бензин тақчиллиги кузатилгани сабабли интернет ижтимоий тармоқларида танқидий муҳокамалар бўлди, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, “Ишчи гуруҳ”лари тузилиб, нефть маҳсулотларининг истеъмолчиларга етказиб берилиши тўлиқ назоратга олинди.
Олиб борилган ишлар натижасида автобензин тақчиллигининг олди олиниб, истеъмолчилар талаб ва таклифларига биноан нархларнинг арзонлаштирилиши босқичма-босқич амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Бензин тақчиллигини олдини олиш ва унинг нархларини арзонлаштириш борасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “Товар хомашё биржаси” АЖ ҳамкорлигида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Натижада “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли АЁҚШларда бугун, 17 декабрь кунидан бошлаб “АИ-80” маркадаги бензин 6890 сўмдан арзонлаштирилиб, ҳар бир литри учун 6500 сўм нархда сотувга чиқарилди.
Республика ҳудудидаги “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барча АЁҚШларда бензин шу белгиланган нархда сотилиши таъминланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда бензин нархи ошгани ҳамда Ўзбекистонда энг кўп бензин қайси ҳудудда ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







