Таълим муассасаларида тўлов-контракт муддати 20 январгача узайтирилди
Энди “имтиҳондан йиқилган” абитуриентларга ҳам имкон берилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ, коллеж ва техникумларга кириш имтиҳонлари якуни бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентларга 2021/2022-ўқув йилида ўқиш учун белгиланган тўловларнинг камида 50 фоиз миқдорини тўлаш муддати 2022 йилнинг 20 январигача (20 январь куни ҳам) этиб белгиланди.
Шунингдек, 2021/2022-ўқув йили қабулида коллеж ва техникумларга кириш тест синовларида иштирок этиб, ўқишга тавсия этилмаган абитуриентларнинг касб олишга бўлган қизиқишини инобатга олган ҳолда, истисно тариқасида, уларни берган аризаларига мувофиқ имтиҳон топширган фанлар мажмуаси бир хил бўлган касб ёки мутахассисликларнинг вакант ўринларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга рухсат этилди.
Аввалроқ тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби белгилангани ва магистратура мутахассисликларида қўшимча қабул учун рухсат берилгани хабар қилинганди.
Жавоҳирбек Турсунов








