Ўзбекистон ШҲТга раислиги даврида асосан қайси йўналишларга эътибор қаратади?
2022 йил 1 январдан бошлаб ташкилотга раислик Тошкентга ўтди.

2022 йил ШҲТга бошчилик қиладиган Ўзбекистон 80 дан ортиқ халқаро тадбирлар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда "ТАСС" маълум қилди.
Тошкент ташкилот доирасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда унинг хавфсизлик соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашни устувор йўналишлар сифатида белгилаб олган. Шу билан бирга рақамли технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш механизмларини яратиш орқали ШҲТ кун тартибини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, пандемия давом этаётган бир шароитда соғлиқни сақлаш йўналишида мулоқотни давом эттириш долзарблигича қолган.
Ўзбекистон ҳукумати ташкилотга раҳбарлик қилиш даври учун махсус “йўл харитаси” ва концепция ишлаб чиққан.
“ШҲТнинг Ўзбекистон раислиги доирасида бўлиб ўтадиган барча тадбирлари энг юқори даражада ўтказилишига ҳеч қандай шубҳа йўқ”, – дея таъкидлаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Аблдулазиз Комилов.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги учрашуви 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Комиловнинг сўзларига кўра, бу учрашув ташкилот салоҳиятини амалга тадбиқ қилишга янги имкониятлар очади, унинг роли ва аҳамиятини мустаҳкамлайди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислигидаги устувор вазифаларини баён қилгани ҳамда 2022 йилда ШҲТ-Афғонистон олий даражадаги учрашуви ташкил этилиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







