“Канонирлар” ўз тарбияланувчисини олиб қолмоқчи
“Арсенал” ҳужумчиси Букайо Сака тез орада клуб билан шартномасини узайтириши мумкин.

Бу ҳақда журналист Крис Уитли ўзининг twitter саҳифасида маълум қилди.
Манба берган хабарга кўра, “канонирлар” 20 ёшли футболчига жамоанинг етакчи футболчиларидан бири мақомига мос келадиган янги шартнома таклиф қилмоқчи.
Сака “Арсенал” тарбияланувчиси ҳисобланади. Англиялик футболчи ва клуб ўртасидаги амалдаги келишув 2024 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Трансфермаркт маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 65 миллион еврони ташкил қилади.
Маълумот ўрнида: Сака жорий мавсумда Премьер-лигада 21 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.
Аввалроқ, Ляказетт “Арсенал” билан шартномасини узайтирмоқчи эмаслиги ҳақида хабар берилганди.







