ПФЛ 2021 йилда қанча даромад қилгани маълум бўлди
Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

2020 йилнинг май ойида ЎФА президенти тақдимига биноан ташкилот раҳбариятида ўзгариш юз берди. Шундан сўнг унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, мусобақалар ўтказилишини такомиллаштириш, ҳамкорлар ва ҳомийлар билан ишлаш тизимини яхшилаш каби масалалар асосий планга чиқди.
2021 йилга келиб мусобақа иштирокчилари учун қатнашчилик бадаллари миқдори тарихда илк бор 40-50 фоизгача камайтирилди. Қўшимчасига, аёллар ва футзал жамоалари илк бор бадал тўлашдан тўлиқ озод қилинди.
ЎзПФЛ дастлаб ташкил этилган йилларда ўз ҳаражатларини тўлиқ клублардан олинадиган бадал пуллари эвазига қоплаб келган. Бугунга келиб ташкилот ўз ҳаражатларининг қарийб 55 фоизини ўзи ишлаб топади. Жумладан, 2021 йилги мавсумда ЎзПФЛ “Cola-Cola”, “APEX Insurance” ва бошқа компаниялари билан ҳамкорлик орқали 9 миллиард 280 миллион сўм ишлаб топди. Шунингдек, аёллар чемпионати, Биринчи лига каби мусобақалар “Eleven Sports” орқали онлайн трансляция қилиниши натижасида ЎзПФЛ 2021 йилнинг ўзида қарийб 36 минг евро ишлаб топган.
Ташкилот қатъий принциплари орқали профессионал футбол клублари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди ҳамда Осиё футбол конфедерациясининг лицензиялаш талабларини бажариш бўйича 2021 йилда Япония ҳамда Жанубий Кореядан кейин қитъанинг учинчи рақамли мамлакатига айланди. Тарихда илк бор Про лига клублари ҳам лицензиялаш жараёнига жалб қилинди. Илк бор Ўзбекистоннинг икки аёллар жамоаси ОФК лицензиясини қўлга киритди. Шу кунгача асосан 4-5 клуб халқаро лицензияни қўлга киритган бўлса, 2021-йилда бу кўрсаткич 12 тага етди. 2022 йилда ЎзПФЛ мазкур рақамни 16 тага олиб чиқиш устида иш олиб боряпти.
Аввалроқ, ПФЛда трансферлар ойнаси 31 июлгача очиқ бўлиши ҳақида хабар берилганди.







