Мактаб ўқитувчиларидан Абдураҳмоновгача: Узр сўраш эстафетаси кимгача етди?
Андижонда ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилганларнинг ўзлари узр сўрашни бошлади.

Андижон ҳокими ота-оналар олдида узр сўраган ўқитувчилар ишига муносабат билдирди.
"Ҳеч бир устоз бундай ҳолатга тушишига йўл қўймайман", — дейди ҳоким.
Андижон вилояти Марҳамат туманида ўқитувчилардан ота-оналар қаршисида узр сўрашга мажбур қилингани бўйича хабар берилганди. Туман халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчиси масъул бўлган ва 72-ИДУМ ўқитувчилари ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган. Бундан ташқари, шу каби йиғилишлар Марҳамат туманидаги 9-, 27-, 43-мактабларда ҳам ўтказилганди.
Вилоят ҳокими ҳолатни ўз назоратига олганини билдирган.
Аниқланишича, вилоят ҳокими ҳолатни ўз назоратига олган ва бу бўйича алоҳида ишчи гуруҳ тузилган.
"Бу билан устозларимизга бўлган эътибор Давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни даврда “айрим” раҳбарларнинг маънавиятсизлиги ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирди.
Ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Мен Андижон вилояти ҳокими сифатида мазкур ҳолатни ўз назоратимга олиб, мени бошчилигимда алоҳида ишчи гуруҳ тузилди. Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминлайман.
Андижонда ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз бундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро сизнинг олдингизда шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз", — дейди ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов.
Шунингдек, Марҳамат тумани ҳокими ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдириб ўтган. Қайд этилишича, ҳоким бу иш бўйича мажлисда узр сўраган устоз ва мураббийлардан кечирим сўраган.
"Улрани қўллаб-қувватлаб, елкадош бўлиб, етук инсонларда тарбиялашда камарбаста бўламиз»— дейди Бобур Йўлдошев.







