Суриядаги террористик ташкилотнинг ўзбекистондаги 7 нафар аъзоси ушланди
Улар экстремистик оқим раҳнамоларининг маърузаларини тарқатган.

Хивада 18 - 20 ёшдаги 4 нафар ўсмирлар ўзининг уяли телефон аппаратлари орқали ижтимоий тармоқлардаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар билан танишиб, халқаро террористик ташкилотлар ва экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Бухорий, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг маърузаларини кўриб, тинглаб, атрофдагиларга тарқатиб келишган.
Бундан ташқари, яна 3 нафар фуқаро меҳнат муҳожири сифатида хорижда бўлган даврларида ижтимоий тармоқлар орқали, экстремистик руҳдаги қарашларнинг оқимига тушиб қолган. Улар ватанга қайтгач, виртуал гуруҳ ташкил қилиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттиришган.
Суриядаги террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришган шахслар уларнинг сафига бориб қўшилишни мақсад қилишган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбир натижасида улар қўлга олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят Кодекснинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







