Самарқандда 114 та сохта қарорга ким имзо чеккан?
Ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш кўрсаткичи 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 16 тага ошган.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилоят маъмурий судлари томонидан 2021 йилда жами кўриб чиқилган 1148 та маъмурий ишлардан 419 таси ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ тоифадаги низолар кўрилган.
Шундан, 114 та иш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан қарорлар қабул қилишда қонун талабларига етарли даражада риоя этилмаганлиги сабабли судлар томонидан ҳокимликларга нисбатан 33 та хусусий ажрим чиқарилган.
Жумладан, Пастдарғом туман ҳокимнинг 36 та, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 24 та, Самарқанд туман ҳокимининг 10 та, Булунғур тумани ҳокимининг 7 та, Ургут, Тойлоқ, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимларининг 5 тадан қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланди.
Бу ҳақда Самарқанд вилояти маъмурий суд раиси Т. Файзиев халқ депутатларининг навбатдаги сессиясида хабар берди.







