1 ярим миллионлик ойлиги бир кунда 1000 доллар бўлган ўқитувчи
Ўктам Мардонов 10 йиллик тажрибага эга мураббий.

У Навоий давлат кончилик институти академик лицейида она тили ва адабиёт фанидан дарс берган. Фаолияти давомида оддий ўқитувчиликдан директор лавозимигача кўтарилган.
“Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорини Ўктам ака яхши имконият деб билди. Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига ишга қабул қилинган олий маълумотли мутахассисларга БҲМнинг 50 баравари (11 миллон 150 минг сўм) миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади.
Моддий рағбат барчага ёқади ва меҳнат унумдорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
“Лицейда дарс бериш, ўқувчилар билан ишлаш мароқли. Лекин у ерда ўқитувчилар учун бундай рағбатлантиришлар бўлмаган. Менга шаҳар шароити яхши таниш. Қишлоқ ҳаёти эса бегона. Чекка ҳудуддаги қишлоқларда янгиликлар қилиш менга қулай имконият эди. 1000 доллар маош учун шаҳардаги қулай шароит, иссиқ-совуқ сув ва газдан воз кечишга тўғри келди. Аввалига фарзандларим "қишлоққа борамизми", дея рози бўлишмаган. Кейинчалик бир-биримизни тушунган ҳолда раҳбарлар томонидан келган ушбу таклифга оилавий рози бўлдик”, — дейди ўқитувчи.
Ўктам Мардонов Самарқанд вилояти Қўшрабод тумани Жўш қишлоғидаги 19-мактабда директор лавозимида иш бошлаган. Ушбу мактаб шаҳардан 40 км олисда жойлашган. Иш бошлаган вақтда қишлоқдагилар орасида “пул учун келган” деган гап-сўзлар ҳам бўлган. Наҳотки, шаҳарнинг барча замонавий имкониятларини кўрган одам, пул учун қишлоққа борса?! Аммо қаҳрамонимиз бу фикрларни рад этди. Уни бу каби гап-сўзлар енголмаган.
"Одамларнинг турли гапларига эътибор қилмай, уларга ўзимни шахсий намуна сифатида намойиш этдим. Эрталабки соат 06:00 дан 08:00 гача ўқувчиларга бепул қўшимча дарс ўтаман. Кейин мактабга йўл оламан. Белгиланган иш вақти тугагандан сўнг, қўшимча вақтда ҳар битта ўқитувчини ёнимга чақириб ёрдам бера бошладим.
Менга топширилган мактаб “kundalik.com” бўйича тумандаги 90 та мактаб ичида 88-ўринда эди. Аммо 6 ойлик ҳаракатлар самара бериб, натижани 4-ўринга олиб чиқдик. 4-5-синф ўқувчилари ҳам пул йўқлигидан деҳқончилик қилиб пул топишади. Уларни билимини ошириш мақсадида ҳар ҳафта битта бадиий китоб ўқиб, ўша китоб устида баҳс-мунозара ўтказадиган бўлдик. Шундан сўнг, ўқувчилар уйдаги ишлардан қочиб, мактабда кечгача китоб ўқиб ўтиришни одат қилди", — дейди у.
Қишлоқ ҳаёти Ўктам аканинг янги қирраларини очди. У энди нафақат ўқитувчи, раҳбар, балки қишлоқнинг оддий деҳқони ҳамдир.
"Ҳовлимизда қулупнай етиштирамиз. Мактабдаги қаровсиз ердан унумли фойдаланиб, боғ барпо этяпмиз. Мактабда ҳар бир ўқитувчининг биттадан дарахти бўлиши керак, деган ғояни илгари сурдим. Бу барча ўқувчиларга, ҳаттоки уларнинг ота-оналарига ҳам маъқул келиб, кўчатлар олиб кела бошлади”, — дейди Ўктам ака.
Фотима Набиева







