Қашқадарёда "Тавҳид ва Жиҳод катибаси" га қўшилмоқчи бўлган гуруҳ ушланди
Гуруҳ аъзолари орасида МЧЖ раҳбари ва талаба ҳам бор.

Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қарши шаҳрида яшовчи 52 ёшли фуқаро муқаддам "Жиҳодчилар" диний экстремистик оқимига аъзо бўлганлиги учун 2004 — 2018 йилларда жазо муддатини ўтаган бўлишига қарамасдан, ўзининг яшаш манзилида 1994, 1996, 1998 йилларда туғилган 3 нафар фарзанди ва 2000 йилда туғилган жияни ҳамда 1974-1998 йиллар орасида туғилган 11 нафар маҳаллий фуқаролардан иборат ноқонуний гуруҳ ташкил этиб, "жиҳодчилар" оқими ғояларини қўллаб-қувватлаб келган.
Улар “Telegram” мессенжерида "Шаҳидлар" номли гуруҳ ташкил этиб, унга диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш "Абу Салоҳ", "Абдуллоҳ Зуфар", "Содиқ Самарқандий" ва бошқаларнинг "ҳижрат", "жиҳод" ва "шаҳидлик"ка чорловчи аудио-видео материалларини жойлаштириб, тарғибот ишлари олиб борган.Шунингдек, гуруҳ аъзолари "ҳижрат" ва "жиҳод" қилишга ҳам уринган.
Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан мазкур ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Дастлабки тергов-суриштирув жараёнларида аниқланишича, гуруҳ етакчисининг кўрсатмаси билан унинг аъзолари босқинчилик жиноятларини содир этиш орқали йўл харажатлари учун пул йиғиш, сўнгра Сурияга бориб, террористик ташкилотлар сафига қўшилишни режалаштирган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Cамарқандда 10 нафар террорчи ташкилот тарафдорлари ушлангани ҳақида хабар берилганди.







