Сурхондарёда собиқ банк ходими қалбаки ҳужжатлар билан ишлагани аниқланди
У кредит маблағларини шу йўл билан ўзлаштирган.

Қумқўрғон туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилди.
“Микрокредитбанк” АТБ Қумқўрғон филиали собиқ ходими Ш.А. “С.М.” МЧЖ раҳбари М. томонидан жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш учун топширилган 86,7 миллион сўмнинг 56,7 миллион сўмини кирим қилиб, қолган 30 миллион сўмини ўзлаштирган. Фирибгар тадбиркорга сохта квитанция тақдим қилганлиги, бундан ташқари, фуқаро Б.нинг номига имтиёзли кредит ажратишга эришиб, 24,5 миллион сўм кредит маблағини алдов йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







