Дори-дармон ва тиббиёт воситалари нархи кўриб чиқилади
Мамлакатимизда энг зарур бўлган дори-дармон воситалари нархини камида 30 фоизга арзонлаштириш бўйича барча чоралар кўрилади.

Шавкат Мирзиёев:
— Шу ўринда, яна бир фикрни айтиб ўтиш жоиз. Биз, жамиятимизда замонавий медицина ва халқ табобати бир-бирига рақобатчи ёки душман эмас, балки, яқин ҳамкор деган муҳим тушунчани шакллантиришимиз керак. Бизда қанчадан-қанча машҳур табиблар дунёдан ўтиб кетяпти. Афсуски, улар билан бирга илми ва тажрибаси ҳам йўқолиб кетяпти. Шу боис, халқ табобатини кенг тарғиб қилиш, “Ибн Сино меросининг билимдонлари” танловларини ўтказиш мақсадга мувофиқ, — деди Президентимиз.
Бундан ташқари, дорилар нархи тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида маълум қилинишича, аҳолини арзон, сифатли дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилади.
— Бу борада аҳолидан 550 та мурожаат келиб тушган. Умуман, мамлакатимизда энг зарур бўлган дори-дармон воситалари нархини камида 30 фоизга арзонлаштириш бўйича барча чораларни кўрамиз. Бунинг учун, келгуси беш йилда дори-дармон ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш ҳажми 3 бараварга оширилиб, маҳаллий дори воситалари билан таъминлаш даражаси 80 фоизга етказилади, — деди давлатимиз раҳбари.







